Ўзбекистон | 07:57 / 22.11.2016
82020
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: “Шароф Рашидовни кўкларга кўтарган, ўлимидан сўнг уни қоралаган тузум адолатли эдими?”

Фото: uzlidep.uz

Шу йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловолди кампанияси доирасида ЎзЛиДеп партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан мулоқот ўтказган эди. 

Номзод видеоконференция шаклида бўлиб ўтган учрашувда ўз дастури ҳақида маъруза қилиб, Президент сифатида сайланса нималарга эътибор бериши ҳақида ғояларини илгари сурди. 

ЎзЛиДеп номзоди “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик” нақлига амал қилган ҳолда, собиқ Иттифоқ тузумида Ўзбекистонда кўпчилик олиму-фузалолар, юртнинг энг сара фарзандлари, давлат арбобларига нисбатан гарчи улар ўзлари яшаган тузумга хизмат қилган бўлса-да, уларга нисбатан адолатсизлик қилингани ҳақида куюнчаклик билан сўз юритди. 

Хусусан, шундай тарихий шахслардан бири Шароф Рашидов бўлиб, у ўз халқига ва собиқ тузумга садоқат билан хизмат қилганига қарамай, вафот этганидан сўнг, унинг қабри кўчирилгани, хотираси беҳурмат қилингани, оила аъзолари таҳқирланганини таъкидлади. 

Президентликка номзод, ўз маърузасида, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан, ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов номи оқланганини қайд этиб, келгуси йилда Шароф Рашидовнинг таваллудига юз йил тўлишини хотирлади. 

Шу муносабат билан, номзоднинг таклиф қилишича, ўзбек халқининг фидойи фарзанди Шароф Рашидов таваллудини бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсда нишонлаш, ўзи туғилиб ўсган Жиззах туманига унинг номини бериш ва ёдгорлик мажмуаси барпо этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Мавзуга оид