10:24 / 06.12.2016
4013

Стокгольмда 2016 йилги Нобель тантаналари ҳафталиги бошланмоқда

Бугун 6 декабрдан Стокгольмда Нобель мукофоти совриндорларини олқишлаш ҳафталиги бошланади. Унда тиббий ва физиология, физика, кимё ва иқтисодиёт бўйича бу йилги совриндорлар тақдирланади, деб хбар қилмоқда Нобель жамғармаси матбуот хизмати. 

Анжуман бир неча йиллар аввал жорий бўлган анъана билан якунланади — лауреатлар Nobel музейидаги курсиларга ўз имзоларини қўйишади.

Мукофотлар топшириладиган 10 декабргача совриндорлар журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашади. Талабалар ва ўқитувчилар олдида маъруза қилишади. Расмий қабул жараёнларида иштирок этишади. 

8 декабрь куни жаҳон классик саҳнаси юлдузлари иштирокида Нобель концерти бўлиб ўтади. 2016 йилда совриндорлар қаршисида нидерландиялик скрипкачи Янин Янсен ва италиялик дирижер Жанандреа Нозеда чиқиш қилади.

Ҳафтанинг кульминацияси мукофотларни топшириш куни ҳисобланади. Шу муносабат билан Стокгольм ва Ослода 10 декабрда тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Айни шу куни мукофот асосчиси Альфред Нобель (1833–1896) вафот этган. Норвегия пойтахтида Нобель васиятига кўра, фақатгина тинчлик мукофоти топширилади. 2016 йилда ҳар бир йўналиш бўйича мукофот жамғармаси 8 миллион швед кронаси (932 минг АҚШ доллари)ни ташкил этади. 

2016 йилда 11 киши ушбу мукофот совриндори бўлди. Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос тинчлик мукофотига муносиб кўрилди. Стокгольм ва Ослодаги тақдирлаш маросимида адабиёт соҳасидаги хизматлари учун мукофотланган Боб Диландан бошқа барча лауреатлар қатнашади. 

 

Top