Жаҳон | 14:35 / 06.12.2016
4786
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти апрелда истеъфога чиқишга рози бўлмоқчи

Фото: РИА "Новости"

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе 2017 йил апрель ойининг охирларида истеъфога чиқиш борасидаги талабга рози бўлмоқчи. Бу ҳақда ҳукмрон “Сэнури” партиясининг парламентдаги амалдори маълум қилган.

Бундай таклиф ҳукмрон партия томонидан президент импичменти бўйича овоз бериш ўрнига билдирилган. Жараён жума кунидаёқ бўлиб ўтиши мумкин.

Шу билан бир қаторда, мухолиф партиялар ва жамоатчилик президент тақдирини бундай йўл билан ҳал қилишга рози бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ, деб хабар қилади TBS телекомпанияси.

Якшанба куни ҳукмрон партиядаги норози бўлган фракция импичментни қўллаб-қувватлашга тайёр экани ҳақида маълум қилди. Бундай ҳолат партия ва мухолифат ўртасида келишувга эришилмаса юз бериши мумкин. 

Мухолиф партиялар эса президент импичменти бўйича масалани жума кунги овоз бериш жараёнига қўйиш ниятида. Масала ижобий ҳал этилиши учун 300 депутатдан 200 таси овоз бериши лозим. Мухолиф депутатларга эса фақатгина 172 овоз тегишли бўлиб, бундай вазиятда ҳукмрон партия 28 нафар аъзосининг овози ҳал қилувчи ўрин тутади.

Маълумот учун, Жанубий Корея президенти билан боғлиқ сиёсий можаро ОАВ Пак Кин Хе дугонаси Цой Сун Силга ўз нутқларини таҳрирдан ўтказиш имконини бергани ҳақида хабар беришгач, бошланди. Бундай ҳолат улар расман ўқиб эшиттирилишидан аввал юз берган.
 

Мавзуга оид