10:07 / 26.12.2016
20210

Улуғбек Розукулов Покистон Президенти билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Фото: uzdaily.uz

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов ва Покистон Президенти Ҳусайн Мамнун терроризм ва экстремизмга қарши кураш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда UzDaily.uz сайти ёзмоқда.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов раҳбарлигидаги делегация Покистонга ташриф буюрган эди. 

Ҳусайн Мамнун Розукулов воситасида Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президентлиги учун сайловда ғалаба қозонгани билан яна бир бор қутлаб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқишига умид билдирган. 

Ҳусайн Мамнун Покистоннинг Ўзбекистон билан энергетика, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини таъкидлаган. У, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш мамлакат имкониятларига жавоб бермаслигини қайд этиб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга чақирган. 

Мамнуннинг сўзларига кўра, Покистон Ўзбекистоннинг энергетика захираларидан фойдаланишга қизиқиш билдирмоқда. 

Улуғбек Розукулов, ўз навбатида Покистон билан дўстона алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини қайд этган. Шу билан бирга, Розукулов томонлар турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришини қайд этган. 
 

Top