11:03 / 03.01.2017
8933

Си Цзиньпин: Хитой ва Ўзбекистон – яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир

Хитой ва Ўзбекистон – яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган мактубида маълум қилди.

2017 йилнинг 2 январь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди.

“Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Сизга ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни ва эзгу тилакларимни изҳор этаман”, - таъкидлаб ўтди Хитой раҳбари. 

“Хитой ва Ўзбекистон – яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир. Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён ўтган 25 йил давомида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари изчил ва барқарор ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этган, ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланмоқда. "Бир қутб, бир йўл” барпо этилишида дастлабки муҳим натижаларга эришилди, “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда”, - таъкидлайди Си Цзиньпин. 

“Мамлакатларимиз асосий манфаатларига доир масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатларимиз умумий манфаатларимизни ҳимоя қилиш мақсадида БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимиз имзолаган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро муносабатларимизни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2016 йилда биз ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдик, турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Хитой муносабатларимизнинг муваффақиятларидан мамнун ва у истиқболда янада ривожланишига ишончи қатъийдир”, - қўшимча қилди у. 

“Мен Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераман. Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман”, - дея таъкидлаб ўтган Си Цзиньпин. 

“Хитой ва Ўзбекистон дўстлиги янада мустаҳкамланиб, жадал ривожланаверсин! Сизга мустаҳкам соғлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман!”, - деди Хитой раҳбари. 

Top