Фан-техника | 15:44 / 06.01.2017
9740
2 дақиқада ўқилади

Toyota сунъий ақлга эга концепт-кар ишлаб чиқди

Япониянинг Toyota компанияси Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтаётган истеъмол электроникасига бағишланган CES-2017 кўргазмасига сунъий ақлга эга бўлган концепт-кар намунасини олиб келган. Concept-i прототипига автопилот ўрнатилган бўлиб, у ўз эгаси ва йўловчиларга мослаша олади. 

Yui деб номланган тизим сунъий ақлни бирлаштиради ва амалда автомобилни тўлиқ бошқаради. Масалан, Yui ҳайдовчини таний олади ҳамда салон чироқларини унинг хоҳиш истагидан келиб чиққан ҳолда созлайди, асосий йўналишлар харитасини акс эттиради. Тизимга, шунингдек, юз ифодаси ва овоздан келиб чиққан ҳолда ҳиссиётларни аниқлаш технологияси ҳам киради. 

Салондаги йўловчилар билан мулоқот эса, олд ойна узра жойлаштирилган проекцион дисплей орқали товушли хабарлар ёки бевосита қўл суянчиғидаги ҳаракатланувчи юза воситасида амалга оширилади. 

Бундан ташқари, Yui автомобилнинг турли хавфсизлик тизимини назорат қилади ва талаб қилинганда муқобил бошқарувни ишга тушириши мумкин. 

Toyota Concept-i, шунингдек, ўз атрофидаги автомобиллар ва ҳайдовчилар билан ҳам «мулоқот» қила олади. Хусусан, автомобиль ташқарисидаги диодли чироқлар турли рангларда товланишидан унинг автопилот ёки ҳайдовчи томонидан бошқарилаётганини билиб олиш мумкин. Унинг орқа томонига жойланган дисплейда турли матнли хабарлар акс эттирилади.
 
Концепт-кар дизайни Калифорниядаги Toyota марказида ишлаб чиқилган. Сунъий ақлни Сан-Францискодаги Toyota Innovation Hub ишлаб чиққан. 

Мавзуга оид