Toyota Uzbekistan («Summit Motors Central Asia» МЧЖ ХК) Ўзбекистонда минтақадаги илк ва ягона тренинг марказини яъни Toyota Academy Central Asiaни ишга туширди. Тойота Академияси ходимлар малакасини ошириш, мижозлар ишончини мустаҳкамлаш ва барча дилерлик марказларида хизмат сифатини бир стандартга олиб чиқишни мақсад қилади.
Toyota Uzbekistan мамлакат пойтахтида янги ўқув ва малака ошириш маркази — Toyota академиясини очди. Янги лойиҳа компаниянинг мижозларга янада сифатли ва ишончли хизмат кўрсатиш йўлидаги муҳим қадами ҳисобланади.

2015 йилдан буён Марказий Осиё бозорида фаолият юритаётган Toyota Uzbekistan («Summit Motors Central Asia» МЧЖ ХК) ва Toyota Central Asia бугунги кунда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда расмий ҳамда ягона дистрибютор сифатида иш олиб бормоқда. Компания фаолияти давомида узоқ муддатли ишонч, сифат ва доимий ривожланиш тамойилларига таянади.

Академиянинг асосий мақсади
Toyota академияси — минтaқадаги илк ва ягона тренинг маркази бўлиб, у нафақат техник билим бериш, балки хизмат маданияти, мижоз билан мулоқот, сотув ва бошқарув кўникмаларини ҳам ўргатишга йўналтирилган.
Лойиҳа орқали компания барча дилерлик марказларида хизмат сифатини ягона стандарт даражасига олиб чиқишни, ходимлар малакасини мунтазам оширишни ва энг муҳими — мижозлар ишончини мустаҳкамлашни кўзламоқда.
Академиядаги тренинглар замонавий жиҳозланган лабораторияларда ўтказилади. Бу ерда гибрид технологиялар, электрон тизимлар, двигател ва трансмиссия бўйича махсус амалий машғулотлар ташкил этилади. Бундай ёндашув мутахассисларга назарий билим билан бирга реал иш тажрибасини ҳам беради.

“Toyota Uzbekistan” бош директори Ҳироки Шукуянинг айтишича, бу Ўзбекистон билан узоқ ҳамкорлик учун муҳим қадам ҳисобланади:
“Ушбу академия орқали биз таълим сифатини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз. Шунинг учун бугунги босқичга етганимиздан фахрланамиз. Умид қиламанки, биз Ўзбекистон билан узоқ йиллар давомида биргаликда ривожланамиз.
















