Жаҳон | 08:17 / 09.01.2017
9615
2 дақиқада ўқилади

АҚШ танкларининг Германияга етказилиши видеоси пайдо бўлди

8 январда Германиянинг Бремерхафен портига АҚШ зирҳли техникаси ортилган қўшимча кемалар етиб келди. Танклар ва гаубицаларнинг туширилиши видеосини RT Deutsch телеканали намойиш қилди

Германиядан зирҳли техника темир йўл орқали Шарқий Европага "Атлантикача қатъийлик" (Atlantic Resolve) операциясини қўллаб-қувватлаш учун юборилади. Танклар Польшага 12 январда етиб келиши кутилмоқда.

Norddeutsche Rundfunk маълумотларига кўра, техника 900 та вагонда ташилади. Агар бу вагонлар ёнма-ён бирлаштириб чиқилса, 15 км лик поезд ҳосил бўлади. 

Ҳаммаси бўлиб Шарқий Европага 87 та M1 Abrams танки, 144 та M2 Bradley пиёда аскарлар машинаси, 18 та М109 Paladin ўзиюрар гаубица ва бошқа техника ташланади.

Германияга бу техника бир нечта кемада етказилди. 7 январда маҳаллий фаоллар "Қурол-аслаҳа жаранг-журунгига йўқ – қўшиннинг ташланишини тўхтатамиз" шиори остида норозилик акциясини ўтказишди. 

Шарқий Европада оғир қурол-аслаҳанинг жойлаштирилишини бир қатор немис сиёсатчилари ҳам танқид қилишди. Бундестагдаги "Сўллар" фракцияси вакили Александр Ной Sputnik Deutschland нашрига берган изоҳида НАТО ўзининг мавжудлигини оқлаш учун Россия билан қарама-қаршиликка бораётганини айтди. "Афғонистон, Ливиядаги миссиялар унча омадли бўлмаганидан кейин, НАТОга янги маъно бериш керак", деб айтган Ной. 

НАТОнинг шарқий қаноти кучайтирилишига Бранденбург ери бош вазири Дитмар Войдке ҳам қарши чиқди. "Танклар чегаранинг икки томонида у ердан-бу ерга юрса, биз енгил тортмаймиз ", деб айтди Войдке ҳамда Москва билан мулоқот ўрнатишга чақирди.

Мавзуга оид