11:41 / 09.01.2017
4448

Япония элчиси Жанубий Кореяни вақтинчалик тарк этди

Фото: AP

Япониянинг Сеулдаги элчиси Ясумаса Нагаминэ Жанубий Кореяни вақтинчалик тарк этди. Бу ҳолат япон истилочилари томонидан жинсий зўравонликка дуч келган қурбонлар хотирасига қўйилган янги ҳайкал билан боғлиқ вазият туфайли юз берган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

«Буларнинг барчаси жуда ҳам афсусланарли», - дея айтиб ўтди у Сеулдан учиб кетиши олдидан журналистлар билан суҳбатда.

Япониянинг Пусандаги бош консули ҳам мамлакатни тарк этди ва ватанига қайтди.

Аввалроқ, Сеулдан чақириб олинган япониялик дипломатлар Жанубий Кореяни 9 январь куни тарк этиши хабар қилинганди.

Маълумот учун, Япония ўтган ҳафта Жанубий Кореядаги элчиларини вақтинчалик чақириб олишга қарор қилди. Бу Пусан шаҳридаги бош консуллик биноси ёнида ўтган йилнинг охирида ўрнатилган ҳайкалдан норозилик ҳаракати тариқасида амалга оширилди.

Шунингдек, Токио валюта шартномалари ҳақидаги келишувлар юзасидан амалдаги музокараларни вақтинчалик тўхтатиши ва икки мамлакат юқори даражадаги вакилларининг учрашуви номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида маълум қилган.

Top