18:31 / 13.01.2017
16886

Самвел Бабаян принципларига қарши борди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян «Локомотив»нинг 9 нафар футболчисини январь ойидаги йиғинга таклиф қилди. Бу ҳақда «темирйўлчилар» матбуот хизмати хабар берди.

Улар орасида ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов ҳам бор.

Айни пайтда «Локомотив» футболчилари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида янги мавсумга тайёргарликни давом эттиришмоқда. Мазкур йиғин 21 январга қадар давом этади. 

Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 21-24 январь кунлари Дубайда қисқа муддатли йиғин ташкил этади. Йиғин доирасида терма жамоа 22 январь куни Дания (U-23) терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. 

«Темирйўлчилар» сафида терма жамоага чақирув олган футболчилар - дарвозабон Игнатий Нестеров, ҳимоячилар Бобур Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, ярим ҳимоячилар Сардор Мирзаев, Сервер Жепаров, Санжар Шоаҳмедов ҳамда ҳужумчилар Марат Бикмаев билан Темурхўжа Абдухолиқов.

Бу футболчилар Тошкентга «Локомотив» таркибида эмас, балки Дания (U-23)га қарши назорат баҳсидан сўнг терма жамоа билан қайтишади. 

Шуни айтиш лозим, ўтган мавсум тўпурари Темурхўжа Абдухолиқов ниҳоят илк бор терма жамоа йиғинида иштирок этади. Бундан ташқари, «темирйўлчилар» сафига яқинда келиб қўшилган ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев ҳам бош жамоадан таклиф олган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда Самвел Бабаян журналистларнинг Темурхўжа Абдухолиқов Ўзбекистон чемпионати тўпурари бўлгани ҳолда нега терма жамоа сафида эмаслиги ҳақидаги саволларига у терма жамоа принципларига тўғри келмаслиги туфайли чақирув олмаслигини айтиб ўтганди.

Top