Жаҳон | 18:01 / 25.01.2017
17163
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда олтин қазиб олиш бўйича рекорд қўйилмоқда

Тожикистоннинг олтин қазиб олувчи корхоналари 2016 йил якуни бўйича 5 тонна олтин қазиб олган. Бу 2015 йилги кўрсаткичдан 500 килограммга кўп демакдир. Республика саноат ва янги технологиялар вазирлигида шу ҳақда маълум қилинди, деб хабар қилмоқда «ASIA-Plus» медиа гуруҳи. 

Тожикистон олтин қазиб олишни кучайтирмоқда

Қазиб олинган олтиннинг асосий қисми – 3,3 тоннаси «Зарафшон» тожик-хитой қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. «Тиллои тожик» - 570 кг, «Апрелевка» - 590 кг олтин қазиб олган бўлса, 540 кг олтин бошқа кичик артеллар ва корхоналар ҳиссасига тўғри келган. 

««Зарафшон» ҚКда ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши бойитувчи янги фабрикалар қурилиши билан эришилди. Умуман, 2007 йилдан бери «Зарафшон» ҚК инвестори – Хитойнинг Zijing mining компанияси корхонани ривожлантиришга 306 млн доллар миқдорида сармоя киритди», - дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, «Зарафшон» 2016 йилда мис концентратини ишлаб чиқишни бошлаган. У Қозоғистонда якуний маҳсулотга айланади. Вазирликка кўра, мис концентратини Тожикистонда қайта ишлаш «Зарафшон» қошида барпо этиладиган металлургия заводи ишга тушгач, йўлга қўйилади. 

Таъкидлаш жоизки, Тожикистон олтини, асосан, мамлакат ичкарисида сотилади. Уни республика молия вазирлиги ва миллий банки харид қилади. 

Кумуш қазиб олиш борасида ҳам юқори натижага эришилган. 2016 йилда 3,2 тонна кумуш (2015 йилги кўрсаткичдан 200 кг кўп) қазиб олинган, унинг 98 фоизи Европа мамлакатларига экспорт қилинган. 

Мавзуга оид