Жамият | 10:50 / 26.01.2017
7627
2 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирлиги Фэллоннинг танқидига жавоб берди

Россия жанговар кемалари маънисиз эскорт хизматларга муҳтож эмас, деб баёнот берди Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков. У Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллоннинг сўзларини изоҳлар экан, шундай фикрларни билдирган. 

Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон Бирлашган Қироллик қирғоқлари яқинидан ўтаётган Россия жанговар кемалари гуруҳини таркибидаги "Адмирал Кузнецов" авиаташувчи кемасини "шармандали кема" деб атаган эди. Фэллон, шунингдек, Британия ҳарбий-денгиз кучлари уни кузатиб қўяётганини айтганди. 

"Бундай баёнотлар ва бизнинг кемаларни кузатиб қўйиш билан кўрсатилган томошалардан мақсад – Британия солиқ тўловчиларининг эътиборини Қироллик ҳарбий-денгиз кучларининг ҳақиқий аҳволидан чалғитишдир", — дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Конашенковнинг қайд этишича, Россия ҳарбий кемалари маънисиз эскорт хизматларга муҳтож эмас, чунки улар йўлини жуда яхши билади. Иккинчидан, деб қайд этган генерал-майор, жаноб Фэллон Британия флотига кўпроқ диққатини қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Шимолий денгиз флотининг "Адмирал Кузнецов" етакчилигидаги кемалари гуруҳи Ўрта ер денгизида Суриядаги террорчиларга ҳаво зарбалари бериш амалиётини бажариб ортга қайтмоқда. 

Мавзуга оид