11:56 / 03.02.2017
6252

ОАВ: WikiLeaks Макронга нисбатан яширин маълумотлар тўплаган

Махфий маълумотларни эълон қилиш билан шуғулланувчи WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж Франция президентлиги учун мустақил номзод Эммануэль Макронга доир маълумотлар билан ўртоқлашди. Унинг баёнот беришича, Макрон АҚШ президентлигига демократлардан собиқ номзод Ҳиллари Клинтон билан электрон почта орқали ёзишганига доир ахборотлар мавжуд, деб ёзмоқда "Известия" газетаси.

Ассанжга кўра, Франциянинг иқтисодиёт вазири бўлган Макрон Ҳиллари Клинтон билан сиёсий мавзуларда фикр алмашган. 

"Бизда Франция президентлиги учун яна бир номзод — Эммануэль Макронга нисбатан ажойиб маълумотлар бор. Улар АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг шахсий ёзишмаларидан олинган", — деган Ассанж газетага. Ассанжнинг фикрича,  "номзодлар хусусида сўнгги эълонлар бутун дунёга далда бўлган".

Франция президентлиги учун сайловлар 2017 йилнинг 23 апрели ва 7 майида бўлиб ўтади. Унда "Миллий фронт" етакчиси Марин Ле Пен энг кўп овоз тўплаб, иккинчи турга чиқиши деярли аниқ бўлиб улгурган. Иккинчи ўринда Франциянинг собиқ бош вазири Франсуа Фийон бўлиши тахмин қилинмоқда. Ipof компанияси томонидан ўтказилган ва iTele телеканалида эълон қилинган ижтимоий сўров натижалари шундай тахмин қилишга асос бўлмоқда. 

Унга биноан, Ле Пен 24 фоиз сайловчилар овозини тўплашга муваффақ бўлади. Фийонга 21 фоиз сайловчи ишонч билдиради. Мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон эса атиги 20 фоиз овоз тўплай олиши мумкин. Социалистлар ўртасидаги праймериз ғолиби, собиқ таълим вазири Бенуа Амон номзодлар орасида 18 фоизлик энг кам овоз тўплай олиши эҳтимол. 

Top