Жаҳон | 09:06 / 10.02.2017
6898
2 дақиқада ўқилади

Лавров НАТОнинг Россия чегаралари яқинидаги ҳаракати провокация эканини айтди

Фото: RIA

НАТОнинг Россия чегаралари яқинидаги хатти-ҳаракати беқарор вазиятни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Известия” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Альянс томонидан Россия чегараларига яқин ҳудудларда олиб борилаётган ҳаракатлар провокацион характерга эга бўлиб, беқарор вазиятни келтириб чиқариши мумкин. Бу Польша ҳамда Болтиқбўйида блокнинг қўшимча ҳарбий контингентларини жойлаштиришга ҳам алоқадор. Шунингдек, Шарқий Европадаги бошқа иттифоқдошлар, хусусан, Болгария ва Руминия ҳудудларида шундай ишларни амалга ошириш имконияти ҳақида муҳокамалар олиб борилмоқда”, - дея маълум қилди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, провокацион ҳаракатларга “блокнинг алоҳида аъзо-давлатлари томонидан қуролли кучлар модернизацияси ва янги ҳарбий инфратузилмалар қуриш ҳамда Россия чегаралари яқинида НАТО машқлари қамровининг кўпайиши” ҳам киради.

“Алоҳида ташвишга Европада АҚШ ракеталарга қарши мудофаа тизими қурилаётгани сабаб бўлмоқда. У Россияга қарши қаратилгани ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Шу тариқа, НАТОнинг Россияни “босиб туриш” бўйича “эскича янги” ҳаракати ишончсизлик ва Европа минтақасидаги кучлар нисбатига талофот етказади”, - дея таъкидлаб ўтди Лавров.

Мавзуга оид