16:51 / 13.02.2017
36059

Осон топилган бойлик ёхуд оғуфуруш холаваччаларнинг аянчли қисмати

"Меҳнатдан келса бойлик - турмуш булар чиройлик!", дейди халқимиз. Дархақиқат, ҳалол меҳнатнинг нони ширин бўлади. Пешона тери билан топганингни оила аъзоларинг билан баҳам кўриб яшашга не етсин. Афсуски, ана шу оддий хақиқатни айримлар тушунмайда ёки тушунса ҳам аҳамият бермай, билганидан қолмайди. Ваҳоланки, ҳар қандай қинғир ишнинг бир кун келиб, албатта қийиғи чиқади.

Жиноят ишлари буйича Самарқанд вилояти Булунғур тумани суди ва жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди биносида, очиқ суд мажлисининг қора курсиларида ўтирган Алиқулов Санжарбек Аъзамқулович, Тошназаров Ҳамроқул Ҳасанович ва Норматов Ғайратжон Ҳабибуллаевич қилмишидан хабардор бўлсангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз.

С.Алиқулов 2015 йилга қадар Россия Федерациясининг Москва шаҳрида қўшимча даромад топиш мақсадида ишлаб юрган. 2015 йилнинг март ойида холасининг ўғли Ғайрат Норматовга телефон қилиб Россияда ишлаш қийинлашиб кетгани, апрель ойида Тожикистон Республикасига қайтишини билдирган. Суҳбат давомида чегарадан гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтиш имкони бор-йўқлиги ҳақида сўраган. Холаваччаси Ғайрат бу саволга "ҳа, олиб ўтса бўлади" деб жавоб берган. Шу кундан бошлаб Санжарга гиёҳвандлик воситасини олиб ўтиш ва осонгина мўмай даромад топиш истаги тинчлик бермайди.

2015 йилнинг апрель ойида Тожикистон Республикасига қайтиб келган Санжар ўзининг олдиндан ўйланган режасини амалга ошириш пайига тушди. Бу ишга унга Панжикент бозорида учратиб қолган "Икром" исмли таниши ёрдам беради. Икром Санжарга гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистонга ўтказиб берсанг, 6-7 минг AҚШ доллари бераман, деб ваъда қилади. Санжар ишни тезроқ амалга ошириш учун холаваччаси Ғайратга телефон қилади. Суҳбат давомида Ғайрат гиёҳвандлик воситасини Зарафшон дарёси орқали олиб ўтиш мумкинлигини айтади. Шундан сўнг, Санжар Икромга телефон қилиб, гиёҳвандлик воситасини олиб ўтиш мумкинлигини айтади ва Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун виза-рухсатнома олади. 2015 йил 24 апрелда Ғайратга телефон қилиб, Ўзбекистонга онасининг қабрини зиёрат қилишга боришини айтади. Ғайрат қинғир ишларини амалга ошириш учун Тожикистон Республикасига тегишли уяли алоқа оператори сим-картаси кераклигини билдиради.

Санжар қонуний йўл билап Ўзбекистонга келади. Онасинииг қабрини зиёрат қилиш учун Самарқанд вилояти Булунғур тумани Фармонтепа қишлоғига боради. У ерда уни тоғаси М.Шодмонов кутиб олади. Онасининг қабрини зиёрат қилиш баҳонасида келган Санжар тоғасининг уйида яшай бошлайди. Бу орада холаваччаси Ғайрат билан учрашиб, жиноий ишни қандай амалга ошириш бўйича келишиб олади ва унга Тожикистондан олиб келинган иккита сим картасини беради.

Санжар Тожикистон Республикасига қайтиб келгач, ҳамтовоғи Икром билан учрашиб, ҳаммаси тайёрлигини, Ўзбекистонда уларни холаваччаси Ғайрат кутиб олишини айтади. 2015 йил июнь ойи бошларида Санжар Икром билан Панжикент бозорида кўришади. Икром уни исмини айтмаган нотаниш киши билан учраштиради. У киши чегарадан ўтказиб берган ҳар бир килограмм гиёҳванд воситаси учун 150 АҚШ доллари талаб қилади. Санжар укаси тўй қилаётганини важ қилиб бу нархга кўнмайди. Шунда Икром олди-сотди ишларини амалга ошириб қайтиб келгандан кейин яна 1000 АҚШ доллари беришини айтади. Санжар 20 килограмм гиёҳвандлик воситасини бир ўзи олиб ўта олмаслигини англаб, бу ишга қўшниси Ҳамроқулни ҳам жалб этади.

Санжар барча ишларни гаплашиб олгандан сўнг Ўзбекистондаги харидорнинг телефон рақамини олиб, Ғайратга боради. Ғайрат харидорлар билан учрашиб, Санжарга телефон орқали ҳаммаси жойида экани, харидорлар ишончлилигини айтади.

Санжар 2015 йил 12 июнь куни жиноий шериги Икром билан ўзининг яшаш манзилига яқин ҳудудда учрашиб, улардан 2та сумкага жойлаштирилган, оғирлиги 20 килограмм бўлган "опий" гиёҳвандлик воситасини олиб, сўнг Ҳамроқул Тошназаров билан бирга Ўзбекистон-Тожикистон чегара ҳудудидан оқиб ўтган Зарафшон дарёсини кесиб ўтади ва Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, Фармонтепа қишлоғида яшовчи қариндоши Ғайратжон Норматовнинг яшаш манзилига етиб келади. 2015 йил 13 июнь куни жиноий гуруҳ аъзолари Ғайратжон Норматовга тегишли бўлган "Нексия" русумли, давлат белгиси 30О798МА бўлган автомашинага "опий" гиёҳвандлик воситаси солинган сумкаларни жойлаштириб, олдиндан келишилган манзил - Булунғур тумани "Мингчинор" ҳудудига олиб келиб, "мижоз"ни кутиб турган вақтида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинади.

С.Алиқулов ушланиб, қўлидаги сумкалар кўздан кечирилганида, уларда 20 дона ўрамдаги ўткир ҳидли, жигарранг кўринишдаги сақичсимон модда борлиги аниқланган. Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, олинган модда "опий" гиёҳвандлик воситаси эканлиги, унинг умумий вазни 19 килограмни ташкил этиши аниқланган.

Номлари тилга олинган судланувчилар ҳаётда эзгу мақсад билан ҳаракат қилиб, бир ҳунарнинг бошидан тутиб, меҳнат қилганларида эди, бебаҳо умрларини беҳуда ўтказмас, гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланмас эдилар. Афсуски, осон пул топиш илинжи, меҳнатдан қочиш, тўғри йўл қолиб, эгрисини танлаш уларни маҳкумликка етаклади.

Ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбдор деб топилиб, Алиқулов Санжар 16 йил, Тошназаров Ҳамроқул 17 йил, Норматов Ғайрат 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шаҳар бедарвоза деб ўйлаган бу оғуфурушлар тергов ва суд жараёнида ўз қилмишлари сабабини турли баҳоналар билан оқлашга уринди. Бири "болам касал" деса, бошқаси "онам касал, пулга эҳтиёжим бор эди", деди. Ҳолбуки, бу ҳаётда ташвишсиз инсоннинг ўзи йўқ. Ҳар кимни ҳам турли муаммолар безовта қилиши табиий ҳол. Наҳотки муаммони ҳал қилиш учун жиноят кўчасига кириш лозим бўлса?!

Яхши яшашни орзу қилганлар оғуфурушлик ёки бошқа қинғир ишлар билан эмас, балки тўғри ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечирсалар, кўнгиллари хотиржам, турмушлари гўзал бўларди. Ахир, мамлакатимизда ишлайман деганга барча имконият яратилган. Яхши яшамоқчимисиз, марҳамат, тўғри ишланг, ҳалол пул топинг. Ҳеч ким сизга халақит бермайди. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаман деганлар шу мақсадларига етиб, моддий жиҳатдан ўзларини тиклаб олмоқдалар, фарзандлари орзу-ҳавасини кўриб яшамоқдалар, Мустақил Ўзбекистонимизда бунинг учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.

Инсонга ҳаёт бир марта берилади, уни қандай яшаб ўтказиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Нафсга эрк бериш, молу-дунёга ўч бўлишнинг охири вой. Улар инсон соғлигидан, тинч-тотув ҳаётидан афзал змас. Бундай ҳаёт фалсафасини эса ҳар бир инсон англаб етмоғи лозим.

Саҳобиддин Эргашев

Top