23:45 / 15.02.2017
29115

Россиянинг Ўзбекистонга экспорт ҳажми нима сабабдан тушиб кетди?

15 февраль куни Россия Федерацияси Ҳукумат раиси ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. 

Россия бош вазир ўринбосари Дмитрий Козак мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг апрель ойи бошида кутилаётган ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга янгича нафас бағишлашини таъкидлади. 

Тадбирда қатнашган "Кун" мухбирининг маълум қилишича, Д.Козак Ўзбекистон Республикаси Россиянинг асосий савдо ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидлаган. Хусусан, Ўзбекистоннинг Россияга пахта, мева ва сабзавот маҳсулотлари етказиб бериши бўйича икки томонлама ҳужжатлар ва протоколлар имзоланганлиги қайд этилган. 2016 йилда импорт ҳажмининг ўсиши буни амалда тасдиқлайди. 

"Умумий ҳисобда Ўзбекистоннинг Россияга экспорти 23,7 фоизга ошиб, 675 миллион долларни ташкил қилди. Шу билан бирга Россиянинг Ўзбекистонга экспорт ҳажми 13 фоизга пасайди. Бунинг асосий сабаби - экспорт товарларига қўйилаётган нархларнинг қисқарганида. 

Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш эса 1,1 фоизга ўсган", - деди РФ бош вазир ўринбосари. 

Top