23:52 / 20.02.2017
15731

Швейцария дунё футболи афсонасига қарши иш очди. Жиддий айблов

Германиялик собиқ футболчи 2006 йилги ЖЧ ташкилий қўмитаси раиси Франц Беккенбауэр 2010 йилги жаҳон чемпионати мезбонини аниқлаш жараёнида ФИФАдан 1,7 млн евро маблағ олган. Бу ҳақда ARD немис телеканали хабар тарқатди.

Қайд қилинишича, Беккенбауэр Жанубий Африка футбол федерациясига мезбонликни қўлга киритиш ва уни ўтказиш бўйича маслаҳатлар бериб турган. Якунда ЖАР мусобақани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Пул немис мутахассисининг Гибралтардаги ҳисобига ўтказилган. Бу Швейцария ҳуқуматининг шубҳасига сабаб бўлган.

2016 йилнинг сентябрида Швейцария Бош прокуратураси Беккенбауэрга қарши пулни ўзлаштириш, ноқонуний йўллар билан уни айлантириш юзасидан тергов бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Олдинроқ, 2002 йилда ўша пайтларда Adidas компанияси раҳбари бўлган Робер Луи-Дрейфус «Germany-2006» ташкилий қўмитаси ҳисобига 10,3 млн швейцария франки (тахминан 6,7 млн. евро) ўтказиб бергани маълум бўлганди. Маблағ Германиянинг мусобақа мезбонлиги учун турли харажатларига сарфланиши керак бўлган. Бироқ бу пул ҳеч бир ҳисоботларда ва солиқ декларацияларида кўрсатилмаган. Бошқа манбаларга кўра, бу пул мезбонлик ҳуқуқи учун овоз берадиганларни сотиб олиш учун пора сифатида ишлатилган.

Top