Мусулмон фаоллар АҚШдаги яҳудийлар мозорини қайта тиклашга чорлашди
20 февралда номаълум бузғунчи шахслар юз йиллик тарихий мозорда 170дан ортиқ қабр тошларига зиён етказди. Воқеа АҚШда катта муҳокамага сабаб бўлди ва кўплаб ОАВ диққатини тортди.
Аксилдиффамацион лига жоҳилларни топишга ёрдам бериши мумкин бўлган маълумот учун 10 минг доллар миқдоридаги мукофот пулини таклиф қилди.
Миссури губернатори Эрик Грейтенс мозорни қайта тиклаш бўйича кўнгиллилар ёрдамини ташкиллаштирди. 21 февраль куни бу ерга кўпчилик ёрдамга келди.
Икки мусулмон фаол — Линда Сарсур ва Тариқ Ал-Массидий мусулмонларни АҚШда яшовчи яҳудийларга бирдамлик кўрсатиб, қабр тошларини тиклашга молиявий ёрдам беришга чақирди. Дастлаб ушбу акция доирасида 20 минг доллар тўплаш кўзда тутилган эди. Бироқ таниқли ёзувчи Жоан Роулинг ўзининг Twitter'да бу воқеага эътибор қаратганидан кейин хайрия пуллари тез суръатларда кўпая бошлади.
Бир кун ичида 3 мингга яқин кишидан 90 минг доллардан зиёд маблағ келиб тушди. Сарсур ва Ал-Массидий 20 мартга қадар пул тўплаб, сўнг уларни мозорни қайта тиклаш ишларига йўналтиришни режалаштиришмоқда. Фаоллар қолган пулларни бошқа яҳудий марказларини қайта тиклашга сарфлашмоқчи.
22 февраль куни АҚШ вице-президенти Майк Пенс Сент-Луисда кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашар экан, "бу разил бузғунчилик"ни қоралади. Шундан кейин мозорни тартибга келтиришда шахсан иштирок этди.
Аксилдиффамацион лиганинг минтақавий директори Карен Ароести мусулмонлар, насронийлар ва бошқа дин вакилларининг бирлигидан ёқимли ҳайратга тушганини таъкидлади.