Ўзбекистон | 19:16 / 27.02.2017
24674
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёш ихтирочи заҳарли газдан кислород олиш йўлини кашф этди

Қашқадарёлик Феруз Муродинов завод, корхона ва автомобиллардан чиқаётган заҳарли газни қайта ишлаб, уни кислородга айлантириб берувчи қурилма ихтиро қилди. Бу ҳақда “Ishonch” мухбири Сулаймон Ҳайдаров хабар бермоқда.

Қурилма объектдан чиқаётган заҳарли СО2 газини тўсиб, уни кислородга айлантириш билан бир қаторда сарф бўлаётган ёнилғини бир неча баробар тежаб қолади. Фойдали иш коэффициенти ўн баравар ортади, яъни 10 литр ёнилғи сарф бўладиган иш 1 литр ёнилғи билан бажарилади. Шунингдек, автоматик тарзда филтрни алмаштиради ва ҳаводаги чангни тозалаб, ташқарига ҳайдаб чиқаради. Қурилманинг тўрт хил турдаги реактив ёнилғи тури билан ишлаши эса, ҳар томонлама қулайлик ва енгиллик яратади.

— Ушбу қурилмани яратиш ғояси 8-синфдалигимда пайдо бўлган, — дейди Феруз Муродинов. — Кимё дарслигининг сўнгги саҳифасида Д.Менделеевнинг кимёвий элементлар даврий жадвалини ўрганиш чоғида органик моддаларнинг табиатда тутган ўрни ҳамда заҳарли газларнинг жамиятга келтирадиган зарари ва бунинг натижасида юзага келадиган салбий оқибатлар ушбу лойиҳага қўл уришимга туртки берган. Бунда дастлаб, менга отам ва мактабдаги устозим Саъдулла Бўтаев яқиндан ёрдам беришди. Қилган ҳар бир ишим уларнинг фикри билан бойиб борди. Беш йил деганда қурилма лойиҳаси якунига етди. Энди фақатгина қурилмани ясаб, уни ишга тушириш қолди, холос. Двигател заводларда асосий заҳарли газ чиқиш жойи ҳамда автомобилларнинг глушителига (шовқинни пасайтирувчи мослама - таҳр.) ўрнатилади. Унинг афзалликлари кўп. Ёнилғини тежаш, машина ичидаги ҳаводан чангни ажратиб, ташқарига чиқариб юборишда ҳам фойдаланиш мумкин.

Маълумотларга қараганда, инсон бир кеча-кундузда ўртача 1,5 килограмм озиқ-овқат, 2,5 литр сув истеъмол қилади. Одам ўпкаси эса бир суткада 13 кубометр ҳавони ютиб чиқаради. Одам овқат емасдан бир ой, сувсиз уч кун яшаши мумкин. Бироқ ҳавосиз икки-уч дақиқадан ортиқ яшай олмайди.

Бундан ташқари, транспорт воситаларидан чиқадиган ис гази ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, сув ва тупроқни ҳам зарарлайди. Ифлосланган ҳаво таъсирида ўсимликларда модда алмашинуви бузилади, экинлар ва мевали дарахтлар камҳосил бўлиб қолади. Бугина эмас, ис гази табиатдаги фотосинтез жараёнига ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

Маълумот ўрнида: Феруз 1996 йилда Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида Тўрақул Дўстов ва Махфират Иброҳимова хонадонида туғилган. Мактабни тамомлагач, 2011 йилда Чироқчи енгил саноат касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. 2013 йилда Феруз ушбу лойиҳаси билан «Юрт келажаги» иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичида иштирок этиб, ғолиб деб топилди ва диплом билан тақдирланди.

Мавзуга оид