12:01 / 01.03.2017
5379

Трамп: АҚШ бошқа мамлакатларнинг суверен ҳуқуқларини поймол қилмайди

АҚШнинг янги маъмурияти бошқа давлатларнинг ўз йўллари билан ривожланиш ҳуқуқини поймол қилмоқчи эмас. Америка президенти Дональд Трамп Конгресс биносидаги чиқишида шу ҳақда сўз юритди. 

Трамп Конгресснинг икки палатаси – Сенат ва Вакиллар палатаси олдидаги маърузасида Оқ уй маъмуриятининг ички ва ташқи сиёсатдаги асосий йўналишларини маълум қилди. "Биз тарихий институтларни ҳурмат қиламиз, бироқ шу билан бирга, мамлакатларнинг суверен ҳуқуқларини ҳам тан оламиз", - деган Америка раҳбари.

"Эркин мамлакат – бу халқ иродасини билдиришнинг энг яхши усулидир. Америка ҳам барча мамлакатларнинг ўз йўлидан бориш ҳуқуқини ҳурмат қилади", - дея қайд этган президент Трамп.

Трампга кўра, унинг вазифаси бутун дунё номидан гапириш эмас. "Менинг вазифам Америка Қўшма Штатлари шаънини ҳимоя қилишдир", - таъкидлади Оқ уй хўжайини. 

Унинг айтишича, Американинг янги маъмурияти ташқи сиёсат борасида бошқа давлатлар билан бевосита ва кенг қамровли ҳамкорликни кўзда тутади. Америка етакчисининг фикрича, у демократ Барак Обамадан "ташқи сиёсатдаги қатор ҳалокатли хатоларни мерос қилиб олган". 

"Бизнинг ташқи сиёсатимиз дунё билан кучли, бевосита ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат бўлади", - деб айтди Трамп.

Top