Фан-техника | 09:17 / 05.03.2017
6281
2 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШ Шимолий Корея серверларига қарши киберҳужумлар ўтказмоқда

Фото: Reuters

Вашингтон охирги 3 йил ичида Шимолий Кореянинг ракета дастурини издан чиқариш мақсадида бу мамлакат компьютер серверларига қатор киберҳужумларни ўтказмоқда, деб хабар бермоқда The New York Times нашри.

Таъкидланишича, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ўз президентлиги вақтида Пхеньян томондан ўтказилувчи баллистик ракета синов парвозларини йўққа чиқариш учун унга қарши киберҳужумлар ўтказиш бўйича махсус дастурни яратишга буйруқ берган.   

Вашингтоннинг бу сиёсати эвазига Шимолий Кореянинг муваффақиятсизликка учраган ракета синовлари миқдори ошган: ракеталар тез-тез портлаб кета бошлаган, йўналишдан оғиб, манзилга етиб бормай денгизга қулаган.

Нашрнинг таъкидлашича, Пхеньяннинг охирги муваффақиятли ракета синовлари АҚШ махсус хизматларининг бундай таъсири самарадорлиги пасайганини намойиш қилмоқда.

Аввалроқ Оқ уйнинг Шимолий Кореяга нисбатан стратегияси бўйича ички маърузасида ядро зарбаси хавфини йўқ қилиш учун Шимолий Кореяга нисбатан куч ишлатиш ёки у ердаги тузумни ағдариш имконияти ҳақида гапирилган. 

Мавзуга оид