22:16 / 06.03.2017
18562

Ижтимоий тармоқлардан кўп фойдаланишнинг салбий жиҳатлари ўрганилди

Фото Getty

Twitter, Instagram, Facebook, YouTube ва бошқа ижтимоий сервислардан кўп фойдаланиш инсоннинг ёлғизланиб қолишига олиб келар экан. American Journal of Preventive Medicine тиббий журналида чоп этилган таҳлил натижалари шундан далолат бермоқда.

Тадқиқотчилар ижтимоий тармоқлар ёлғизлик ҳисси ва мулоқот етишмовчилигидан халос бўлишга ёрдам бермаслиги, аксинча - уларни кучайтиришини аниқлашди. Бунга қадар эса олимлар изоляция ҳиссини ёшлар орасидаги юқори ўлим кўрсаткичлари билан боғлашган эди.

Медиа, технология ва саломатлик тадқиқот маркази директори Брайан Праймакнинг сўзларига кўра, руҳий саломатлик ва ижтимоий изоляция масаласи ёшлар орасида эпидемия даражасигача кўтарилган.

"Биз табиатимизга кўра, ижтимоий мавжудотмиз, бироқ замонавий ҳаёт бизни яқинлаштириш ўрнига бир-биримиздан узоқлаштирмоқда. Афтидан, ижтимоий медиа мулоқотдаги бўшлиқни тўлдириш имконини беради, бироқ тадқиқот бу инсонлар умид қилиши мумкин бўлган ечим эмаслигини кўрсатди".

Брайан Праймак, етакчи тадқиқот муаллифи

2014 йилда Праймак ҳамкасблари билан бирга 19-32 ёшлардаги 1787 нафар америкаликни сўроқ қилишди. Сўровнома мавзуси энг машҳур 11 ижтимоий тармоқдан фойдаланишга қаратилган эди. Шундан сўнг улар компьютердаги тестлар ва бир неча психологик сўровномалар ёрдамида респондентларнинг ижтимоий изоляция даражасини аниқлашди.

Маълум бўлишича, кунига икки соатдан кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказувчи ўсмирлар интернетга 30 дақиқадан кам вақт сарфловчи тенгдошларига қараганда ёлғизликдан икки баробар кўп азият чекишар экан. Шунингдек бир ҳафтада 58 марта ижтимоий тармоқларни зиёрат қилувчи респондентлар ижтимоий тармоқларга ҳафтасига тўққиз мартагача кирувчи сўровнома иштирокчиларига нисбатан уч карра кўп ёлғизликка мойил бўлишар экан.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларнинг зиёни ҳақида узоқ муддатли хулосалар қилишга ҳали эрта. Зеро улар дастлаб нима  пайдо бўлгани - ёлғизлик ҳиссими ёки ижтимоий тармоқларга қизиқиш - билишмайди.

"Эҳтимол, дастлаб ўзларини ёлғиз ҳис қилган ёшлар ижтимоий тармоқларга қизиқиш билдиришган ёки ижтимоий тармоқлардан кўп фойдаланиш ҳақиқий ҳаётдан ажралиб қолишга олиб келган. Бу икки омил уйғунлиги ҳам бўлиши мумкин".

Элизабет Миллер, тиббиёт фанлари доктори ва педиатрия профессори

Олимларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларнинг бўш вақтини олиб қўяди, улар бу вақт давомида реал инсонлар билан мулоқот қилишлари мумкин. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар ҳамкасблар ва дўстлар ҳаётини кузатиш имконини беради, бунинг натижасида одамларда ҳасад ёки ўз ҳаётидан қониқмаслик ҳисси пайдо бўлиши мумкин.

Top