Жамият | 09:54 / 10.03.2017
37438
25 дақиқада ўқилади

«Ўғирлик ўзбек халқининг ҳаётига четдан кириб келган жиноятдир»

Инсон табиатида иллатларнинг мавжудлиги жамият учун зарар келтиради. Чунки бу иллатлар бора-бора одатга, табиийликка айланиб қолади ва кишини жиноят сари етаклайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан 1991 йилнинг январь ойида «Муштум» журналида ўтказилган суҳбат ҳам ана шу мавзуда бўлган эди.

Савол: Муфтий ҳазратлари, жиноятчилик чидаб бўлмас даражада авж олиб кетганлигидан халқнинг сабр косаси тўлди. Бу ҳақда дин раҳбарларининг фикри қандай? Жумҳуриятимиздаги аҳволни қандай баҳолайсиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Ҳақиқатан ҳам жиноятчилик ҳаддан зиёд авж олиб, халқнинг бошига катта мусибат тушиб қолди. Бу ҳақда диний идора раҳбарларининг фикри соғлом кишиларнинг фикрига мос. Биз ҳибсхоналарга бориб ўша ердаги кишиларга ваъз – насиҳат қилиб, саволларига жавоб бериш билан ҳам шуғулландик. Ҳозирги кунда уламоларимиз, имом-домлаларимиз маҳаллаларда, ҳибсхоналарда бўлиб тушунтириш, таълим-тарбия ишларини олиб бормоқдалар.

Кейинги пайтларда халқимиз бошига тушган қатор мусибатларнинг энг кучлиларидан бири – жиноятчилик ва унинг равнақи бўлмоқда. Бизнинг фикримизча, барча имкониятларни ишга солиб, бу балодан халқимизни қутқариб қолишда баҳамжиҳат ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Савол: Муҳаммад пайғамбаримизнинг ҳадисларида: «Бирор кишидан «одамлар бузилиб кетди», деган гапни эшитсангиз билингки, ўша одамнинг ўзи бузилгандир», дейилади. Бироқ шу кунларда ҳатто бева-бечораю, етим-есирларнинг ҳақидан ҳам қўрқмайдиган диёнатсиз одамлар кўпайиб кетди…

Жавоб: Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайхи васалламнинг ҳадисларида шу маънодаги фикр собит бўлган. Бу дегани одамларнинг нотўғри йўлдан юрганини, бузилганини кўриб туриб индамай туриш керак, деган маънони бермайди. Ундан мақсад одамларнинг ўртасига таҳлика, ноумидлик соладиган, айбни бошқаларга тўнкаб, кишилар ўртасида нотўғри миш-мишлар кўтарадиган гапларни айтмаслик керак демакдир. Одамлар бузилди, замон бузилди, деган гапларни кўп такрорлайдиган, ривож топтирадиган кишиларнинг ўзига бир назар солинг-а! Улар бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиган, турли миш-мишлар тарқатиб, халқ ичида парокандалик, тушкунлик, нотўғри тушунчаларнинг тарқалишига имкон туғдирадиган кимсалар бўлади. Унинг ўрнига, жиддият билан шу бузилган одамни тузатиб, айниган соҳани ислоҳ қилишга астойдил киришиш керак. Ана шунда ҳақиқий мўминлик вазифасини адо этган бўлади.

Мўминман, мусулмонман деган ҳар бир банда амри маъруф ва наҳи мункар қилмоқлиги даркор бўлади. Агар жамиятнинг баъзи бир аъзолари ёмонлик қилсалар-у, бошқалари уларга томошабин бўлиб турсалар, жамият аъзоларини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло умумий азобга қўйиши бир неча бор таъкидлаб айтилган. Пайғамбаримиз саалоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида, сизлардан аввалги умматларнинг ҳалок бўлиш сабабларидан бири амри маъруф ва наҳи мункарни тарк қилганликларидадур, деб айтилади. Шунингдек, бани Исроил ҳалок бўлиш сабаби ҳам, улар амри маъруф ва наҳи мункар қилмаганликларидан бўлган, деб айтадилар. Демак, жиноятчиликка қарши курашиш, кишиларни ёмон йўлдан сақлаб қолиш ҳаммамизнинг ишимиз бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалам марҳамат қилиб айтганларким: «Сизлардан ким бир ёмон ишни кўрса – қўли билан қайтарсин, қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса – тили билан қайтарсин, бунга ҳам ҳозир бўлмаса – дили билан қайтарсин. Мана шу «дили билан» қайтариши имоннинг заифлигидандир». Бундан келиб чиқадики, ҳеч бўлмаганда, дилимиз билан жиноятчиликни инкор қилишимиз лозим. Биз ғоят ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилганимиздагина жиноятчилик ва ножўя ҳолатларнинг олдини олиш, кўпчиликнинг ғамини ейиш ишларига ўтган бўламиз. Албатта, бева-бечора, етим-есирларнинг ҳақиқатдан қўрқмайдиган диёнатсизларга қарши шафқатсиз кураш олиб бориш керак.

Савол: Тақсир, ўтган рамазон ийдида қилган ваъз – насиҳатингизда ўғри-талончиларга нисбатан кўриладиган диний чоралар ҳақида гапирган эдингиз, шундан сўнг «ўғрилар томонидан сизга турли дўқ-пўписалар, тажовузлар қилинганлиги» ҳақида миш-мишлар тарқалиб кетди…

Жавоб: Тўғри, рамазон ийди намози жумҳуриятимиз ойнаи жаҳони орқали бутун Ўрта Осиё халқларига кўрсатилишини эътиборга олиб, шу улуғ байрам куни қилинган ваъз-насиҳатни ҳозирги куннинг учта энг катта муаммоси – зино, ароқхўрлик ва ўғрилик масаласига бағишлаган эдик. Унда ўғрилар ва ўғрилик тўғрисида Қуръони Карим оятлари, Пайғамбар алайҳиссалоту васаллам ҳадислари асосида сўз юритиб, жиноятчиларни бу жирканч йўлдан қайтариш ва уларга нисбатан Ислом дини қабул қилган чораларни баён этган эдик. Бу ваъз-насиҳат ҳалол одамларда яхши таассурот қолдирганлиги ҳаммага маълум. Бироқ ўғриларга қандай таъсир қилди, буни Аллоҳнинг ўзи билади. Ҳеч бўлмаса, улар қилаётган ишларининг нотўғри эканини, мусулмончиликка асло тўғри келмаслигини бир оз тушунган бўлсалар ажаб эмас.

Лекин ғийбатчи, бўҳтончи, миш-мишчилар бу нарсадан ҳам ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уриниб кўришди. Улар ўғриларнинг қўлини кесиш керак деган фатво чиқаргани учун жиноятчилар муфтийнинг қўлини, оёғини кесиб кетибди, уйига ўт қўйиб, ўғлини ўлдиришибди ва бошқа-бошқа гапларни ҳар тарафлама тарқатдилар; кишиларнинг орасига парокандалик солдилар, ноқулай ҳолат туғдирдилар. Ҳаттоки, менинг уйимга, ишхонамга узоқ-яқин жойлардан кишилар йиғлаб келиб, Худога шукр, бут экан, дейишгача етишишди. Улардан, нима бўлди, деб сўрасам, одамлар: «Ўғрилар муфтийнинг қўлларини кесибди», дейишди. Мана шу ўринда ҳам миш-миш ва бўҳтонлар ҳақидаги Ҳадиси шарифнинг нақадар муҳим ва зарур эканини кўрдингизми?

Савол: Баъзи жамиятшунослар ўтмиш билан ҳозирги кунни таққослаб, жиноятчилик жумҳуриятимизга амалда четдан келтирилди, деган фикрни айтмоқдалар. Сизнингча, унинг келиб чиқиш манбалари нимада?

Жавоб: Жамиятшуносларнинг бу фикрлари ҳаёт тажрибалари, баҳслар натижасидан келиб чиққандир. Биз эса бошқа кўпгина мусибатлар сингари жиноятчилик ҳам, аввало, динсизликдан, эътиқодсизликдан деб биламиз. Чунки 70 йилдан узоқ муддатда кишилар фақат ўз фойдасини кўзлайдиган, бандадан уялмайдиган, дўзахдан қўрқмайдиган, манман бўлиб ўсдилар. Бу мусибатнинг жабрини энди тортяпмиз.

Лекин жиноятчиликнинг четдан келганлиги қисман тўғри. Чунки аввалги пайтда ўлкамизда ўғирлик деган нарса бўлмаган. Кишилар дўконларини, уйларини қулфлаш нималигини билишмаган. Бироқ миллий қўшилув; четдан келганларнинг «ўзига хос» тарбияси оқибатида мана шундай ҳолга тушиб қолдик. Рўзномаларимиз ўзга жумҳуриятлардан, фоҳишалар Тошкентга ва бошқа ерларга келиб, пул, мол орттириб кетишаётганини ёзишди. Шунингдек, ўғрилар, жиноятчилар ва қотиллар ҳам вақти-вақти билан шунақа сафарлар уюштириб туриши ҳаммага маълум. Улар келиб, махсус белгиланган жойларда жиноятлар, ўғирликлар қилишиб, яна келган жойларига хотиржам қайтиб кетаётирлар. Хуллас, бу муаммо кўп тарафдан мураккаблашиб кетган. Шунинг учун уни ҳаммамиз муолажа қилишимиз, даврлаш йўлини ўйлаб чиқишимиз керак.

Сaвoл: Ҳар ҳолда инқилобдан илгари «Кишиларнинг молини ноҳақ ейишга ўч одамлар қиёмат куни дўзахга маҳкумдирлар», деган диний қоиданинг таъсири кучли бўлган. Ҳозирда босқинчилик билан бировнинг қонини тўкиб, молини талаган одамлар ҳам ўзини мусулмон санайди…

Жавоб: Ҳақиқатан, қиёмат кунига ишониш, Аллоҳнинг ҳисоб-китобидан қўрқиш кўпчилик кишиларни ёмон йўллардан тўсиб турадиган асосий нарса. Мана шу сезги йўқолганидан кейин, одамлар хоҳлаганини қиладиган бўлиб қолганлигини мана ўзимиз кўриб турибмиз. Аммо иймонли, Аллоҳга ишонган кишидан заррача ёмонлик чиқмайди. Негаки, улар ўнг елкаларидаги фаришта қилаётган яхши ишларини, чап елкаларидаги фаришта ёмон ишларини ёзиб боришига ишонишади.

Босқинчилик қилиб, бировнинг қонини тўкиб, молини талаётган кишиларнинг ўзларини мусулмон деб санашларига келсак, бунга уларнинг асло ҳақлари йўқ. Ноҳақ одам ўлдирган кишига ҳеч вақтда мусулмончилик сифати берилмайди. Қуръони Каримда бир оят борким, «унинг жазоси жаҳаннам бўлади ва дўзахда абадий қолади ва гуноҳлари кечирилмайди» демакдир. Шунингдек, кишиларнинг молларини талаганларнинг ҳам, агар бу дунёдан тавбасиз ўтиб кетсалар, жойлари жаҳаннамдадир. Умуман, ўғирлик билан мусулмончилик, мўминлик бир ерда жам бўла олмайдиган нарса. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенг, марҳамати улуғ. Олдиндан Аллоҳ йўл-йўриқларини билмай ўғирлик қилиб юришган бўлса-ю, ҳозир тавба қилишса, бу йўлларидан қайтишса, Аллоҳ барча қилган гуноҳларини кечиради. Ишончим комилки, кўпгина ёшларимиз динсизлик, жоҳиллик туфайли ўғирлик, босқинчилик нима эканини, унинг Исломда тутган ўрни қандайлигини билмай туриб, баъзи бировларнинг таъсирида жиноятчилик кўчасига кириб қолишган. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, мана, энди билиш-тушуниш вақти келди. Астойдил тавба қилиб, тўғри йўлга кирсалар, иншооллоҳ ҳамма ишлари дуруст бўлур. Ҳатто улардан жуда яхши мўминлар чиқиши, жамиятга фойдали кишилар бўлиши турган гап. Фурсатдан фойдаланиб, шундай адашиш оқибатида жиноятчилик йўлларига кириб қолган барча биродарларга мурожаат қилиб айтамизким, тавбанинг эшиги доим очиқ, тезда гуноҳ ишларини тарк этиб, бу ёмонликларини иккинчи қайтиб қилишмаса, Аллоҳ таоло, албатта, гуноҳларини кечади.

Савол: Шу ўринда ҳадисларнинг «Аввалги пайғамбарларнинг сўзларидан одамларда қолгани: «Уялмасанг хоҳлаган ишингни қилавер!» – деган сўзларни шарҳлаб берсангиз.

Жавоб: Бу аввалги саволингизнинг узвий давомидир. Одатда уламоларимиз бу ҳадиси шарифни «ҳаё иймоннинг бўлагидир» деган бобларда келтиришади. Мазкур ҳадисда иймоннинг етмишдан ортиқ бўлаги бор ва шуларнинг бири ҳаёдир, дейишади. Мана шу ҳадиси шариф шарҳида юқоридаги асарни ҳам келтиришади, ҳаё қилмасанг, уялмасанг, ҳоҳлаган ишингни қилавер, дегани иймонинг бўлмаса хоҳлаган ишингни қилавер, дегани. Иймони йўқ одам қиёматдан қўрқмайди, хоҳлаган ишини қилаверади. Бу фикр иймонсизлик жиноятчиликка олиб келишини тасдиқлайди.

Савол: Сизнингча, ҳозирги пайтда кучсизланиб, чиқарган қонун-қоидаларининг аксарияти қоғозда қолиб кетаётган ҳукуматимизнинг жиноятчилар жиловини тортиб қўйишга қурби етармикан?

Жавоб: Жиноятчилик ҳаддан ошиб кетганидан кейин турли идораларда, мажлисларда кўплаб қарорлар чиқарилди. Шу жумладан Совет Иттифоқи Олий кенгаши ўртоқ А. И. Лукянов бошчилигида қўмита ташкил қилди. Жумҳуриятларда ҳам Олий кенгаш раислари раҳбарлигида жиноятчиликка қарши кураш қўмиталари тузилди. Аммо барибир жиноятчилик камайгани йўқ. Давлатнинг халқ мол-мулкини, ҳаётини сақлаб қолишга қурби етиши жуда мушкул бўлиб қоляпти. Ҳар бир ҳукумат ҳокимиятга даъвоси бўлганидан кейин фуқароларнинг ҳаёти, обрўсини, молини ҳимоя қилиш жавобгарлигини бўйнига олиши шарт. Акс ҳолда у узрини айтиб, ўрнини бўшатиб қўйиши керак бўлади. Энг юқори раҳбардан тортиб, энг қуйидаги ҳодимгача бошлаган ишни охирига етказишни йўлга қўймоғи керак. Шундай қилинмаса, фуқаронинг ҳукуматга бўлган ишончи йўққа чиқади. Оқибати эса, ҳаммамизга маълум.

Савол: Дейлик, тасодиф рўй бериб, давлатимиз жиноятчиликка қарши курашда диндан ёрдам сўраса, нима қилган бўлур эдингизлар?

Жавоб: Албатта, Ислом таълимотларини йўлга қўярдик. Аввало кишиларни иймонга, ҳаромдан ўзини тийишга чақирардик. Одамларни бировнинг ҳақидан, бировга тажовуз, суиқасд қилишдан тўхтатиш учун атрофлича тушунтириш ишлари олиб борар эдик. Таълим-тарбия, руҳий, маънавий покланишни йўлга қўйганимиздан сўнг билиб туриб яна жиноятга қўл ураётганларга қарши қаттиқ жазоларни беришга ўтишимиз керак бўлади. Қўлга тушган ҳар бир жиноятчини халққа ошкор қилиб, бунга ва унга ўхшаганларга нисбатан нафрат қўзғатамиз. Жамиятнинг барча аъзолари бу ишда иштирок этиши лозим бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг вақтларида қамоқхона бўлмаган. Қуръон ояти билан тасдиқланган машҳур воқеа бор: уч киши мусулмонларнинг кўпчилигидан четда қолиб, гуноҳ иш қиладилар, шунда пайғамбаримиз: «Учовларига гапирилмайди», деб қўядилар. Шунда бутун жамият улардан юз ўгиради, ҳеч ким сўрашмайди, гаплашмайди, ҳатто бола-чақалари, қариндош-уруғлари ҳам шундай қилишади. Натижада улар кўзларига ер юзи тор бўлиб кетадиган даражада қаттиқ изтироб чекадилар ва Аллоҳга ёлвориб, тавба қиладилар.

Ҳозирги кунда ҳам шу услубни қўллаётган мусулмон тоифалар бор. Шундайлардан бири «Аббозия» тоифаси аъзолари. Уларда гуноҳ иш қилган кишига ҳеч ким гапирмай қўяди, алоқани узади. Жомеъ масжиди жамоат ҳузурида гуноҳини тан олиб, ҳамманинг олдида тавба қилиб узр сўрагандан сўнггина у билан гаплаша бошлашади. Инсонни жиноятга, жиноятчиларга қарши руҳда тарбиялаганда қилинган ҳар бир иш жамият аъзоларига очиқ-ойдин етиб борганида ва жамият аъзолари жиноятчига нисбатан нафрат билан қарагандагина бу иш самарали бўлади. Шундан кейин ҳам яна жиноятчилик рўй бераверадиган бўлса, шариат қонунлари жумладан, қасос йўлга қўйилади. Қасос деганда жиноятчи бировга қандай зарар етказган бўлса, ундан ҳам худди шундай қилиб ўч олинади. Бу иш ошкора, ҳамма билган ҳолда амалга оширилади. Мисол учун бир кишининг жинояти собит бўлиб, қўлга тушди, дейлик. Уни фақат терговчи ё ҳакамнинг ўзи билса-ю, бошқалар билмаса, ундан пора олиниб, нотўғри ҳужжат тузилиб, жиноятчи тегишли жазосини тортмай қолиши ҳам мумкин. Бу ҳозирги кунда кенг тарқалган ҳол. Лекин жиноят қандай рўй берганидан ҳамма хабардор бўлса ва унга берилган жазо ҳам барчанинг кўз олдида ижро этилса, биринчидан, жиноятчи ножўя қилмишини қайта такрорламасликка ҳаракат қилади. Иккинчидан, шунга ўхшаган жиноятчилар халқнинг олдида шарманда бўлишига ва албатта қилган жинояти жазосиз қолмаслигига ишонгани учун бу ишлардан қайтади. Учинчидан, буни кўрган жамоа ичидаги одамлар ҳам воқеадан сабоқ олиб, ўзлари шу кўйга тушмасликка уринадилар. Бу услуб ҳозирги кунда қўлланмаётганлиги жиноятнинг кўпайишига, жиноятчиларнинг жазосиз қолишига сабаб бўлаётган омилларидан бири.

Қурол ишлатиб одамларнинг жонига қавд қилиб ё қўрқитиб молини, пулини олаётган уюшган жиноятчиликни Ислом динида «муҳораба» деб аталади. Бу билан ушланган жиноятчилар бир қўли ва бир оёғини (ўнг қўли ва чап оёғини ёки чап қўли ва ўнг оёғини) кесиш билан жазоланади. Бу жазо кўпчилик кўрсин, ўрнак олсин, шояд бошқа такрорланмаса деган ниятда амалга оширилади.

Энди бировнинг молини билдирмасдан ўғирлаб кетиш ҳақида. Бу йўл билан ўғирланган мол белгиланган нисобга (вақт, шароит, кишиларнинг моддий фаровонлигини эътиборига олиб нисоб миқдори белгиланади) этган бўлса, ўғрининг қўли кесилади. Қуръони Карим оятига биноан шариатнинг ҳукми шундоқ. Қолган ҳолатларда эса қилган жиноятга қараб турли ҳукмлар чиқарилиши мумкин. Улардан бири «дия»дир. Масалан, бир одам ов чоғида ҳайвонни овламоқчи бўлиб ўқ отганида ўқ инсонга тегиб, у ҳалок бўлди, дейлик. Бундай ҳолатларда айбдор «дия» тўлайди. Ўзининг қурби етмаса, қариндош-уруғлари тўлайди. Бу ўша жиноятнинг олдини олмагани учун, жамиятга зарар етказадиган кишини тарбия қилганлари боис қариндош-уруғларига ҳам жазо бўлади. Кейинчалик ўз уруғларидан бундай одам чиқмаслигига қаттиқ уринишсин ва буларни кўрган бошкалар ҳам сабоқ олсин, деб шундай қилинади. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу жазоларни амалга оширишда ўртага тушиш, пора бериш, бировни кечириб, иккинчисини жазолаш каби ишларга Исломда мутлақо йўл қўйилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вақтларида бир аёл ўғирлик қилиб қўли кесилиши маълум бўлганидан сўнг унинг қабиласи аъзолари жуда ташвишга тушадилар. Ораларидан қўли кесиладиган одам чиқиши ўзларига ор деб биладилар ва восит ахтариб Усома ибн Зайд исмли саҳобадан: «Сиз пайғамбар алайҳиссаломнинг яхши кўрган кишиларидансиз. Сизнинг гапингизни бу зот қайтармайдилар. Орага тушиб, қабиламиздан ўғри бўлиб қўлга тушган аёлнинг қўлини кесмасликлари ҳақида гаплашиб беринг» деб илтимос қиладилар. Усома розиаллоҳу анҳу пайғамбар алайҳиссаломга бу гапни айтганларида, у киши ниҳоятда қаттиқ ғазабланадилар ва одамлар намозга туришганда: «Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, унинг қўлини албатта кесаман», деб айтадилар.

Шундай қатъият билан ҳар бир жиноятчи қилмишига яраша жазолаб борилганидагина жиноятчиликнинг йўлини тўсиш мумкин.

Бу гапларимдан сўнг муштарийларнинг кўз олдидан тўда-тўда қўли кесилган кишилар ўтиши мумкин. Чунки ҳозирги кунда ўғрилик қилмаган кишини кундузи чироқ ёқиб ҳам топиш қийин бўлиб қолди. Лекин шундай ҳукм чиқарилишининг ўзи кўплаб жиноятларнинг олдини олади. Бунга далил шуки, ўғрининг қўлини кесиш тўғрисидаги оят нозил бўлгандан сўнг, шунча даврдан бери атиги бир неча кишининг қўли кесилган холос. Юқорида зикр қилиб ўтилган аёл ва яна бир-икки кишининг қўли кесилганлиги тўғрисида ривоят бор, бироқ шу билан бутун жамиятда ўғрилик тугаган ва ҳеч ким бу ишни қилмай қўйган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ислом бир ҳукмни чиқаришдан олдин уни татбиқ қилишга кишиларни тайёрлайди, тушунтириш ишлари олиб борилади. Шу жиноятни қилмасликнинг турли йўлларини кўриб, у содир бўладиган сабабларнинг олдини олади. Бизнингча, Исломнинг мана шу қоидаларидан ўрнак олиб, жамиятимизда ҳам қатъият ва ошкоралик билан ҳар бир жиноятчининг қилмишига яраша одилона жазосини бериб бориш керак.

Савол: Мамлакатимизда жиноятчиликнинг бу қадар кўпайиб кетганлиги сабабларини билиш ва унга барҳам бериш йўлларини аниқлаш мақсадида «Аччиқ аччиқни кесади» сарлавҳали баҳсли мақола эълон қилинган эди. Шу ҳақда мулоҳазаларингизни билдирсангиз…

Жавоб: Мақолада кўтарилган масалаларга тўла-тўкис қўшиламан. Туркияда истиқомат қилаётган туркистонликлар Саудиядагига қараганда жуда оз. Саудия Арабистони ерларида Туркистондан қатағон йилларида ватанни ташлаб иймонини, динини сақлаш мақсадида кетиб қолган кишилар, уларнинг бола-чақалари истиқомат қилмоқдалар. Биз билан ўтган йилги ҳаж мавсумида қилган суҳбатларида улар: «Аллоҳга шукур, ҳалигача туркистонликлардан бирор киши жиноятга қўл уриб, бизни уятга қолдиргани йўқ», дейишди. Демак, халқимизнинг табиатида диндорлик, иймон бор, лекин ўғрилик жиноятчилик йўқ. У бизга четдан кириб келган.
Мақоладаги маъмурий идоралар зиммаларига юкланган масъулиятни ҳалол амалга оширмаётганликлари тўғрисида гаплар ҳам тўғри. Ҳатто аҳвол шу даражага бориб етдики, уларнинг ичида жиноятчилар билан шерик бўлган ва уларга ёрдам бериб турадиган шахслар кўпайиб кетди. Ҳатто улар халқнинг жиноятчиликка қарши уринишларини ҳам қайтарган ҳоллар мавжуд. Яқинда бўлиб ўтган бир воқеага кулишингизни ҳам, йиғлашингизни ҳам билмайиз. Танишларимиздан бирларининг қўшниси сафарга чи-қадиган бўлиб, уйларидан хабардор бўлиб туришни сўрабди. Улар кечаси хабар олай деб қарашса, қўшнининг уйида бегона одам изғиб юрган экан. Шунда қўшниларни чақиришибди. Бирлари эшикни, иккинчилари деразани, учинчилари яна бошқа жойни тўсиб ўғрини ушлашибди. Кейин мелисага сим қоқишса, нега бизни чақирмай, ўзларингизча ҳаракат қиласиз, деб дўқ-пўписалар қилишибди. Лекин одамлар бир неча бор илтимос қилишса ҳам, келишмабди. Сўнг тоқатлари тоқ бўлиб, ўзлари ўғрини мелисахонага олиб борибдилар. У ерда ҳам сўкиш эшитавергач, бир иложини қилиб ўғрини топширишибдию қутулганларига шукур қилиб «қочишиб»ди. Танишимиз эрталаб ишга кетаётса, кечқурун ўғри ёнидан ҳуштак чалиб ўтиб кетибди…

Бошқа мисол. Бир неча йил аввал ишчилар шаҳарчасида ўғрилар 80 ёшли онахонни вахшийларча ўлдириб, ўлимлик учун йиққан нарсаларини олиб кетишди. «Ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар» марҳуманинг ногирон қизини олиб бориб, онангнинг беркитган тиллалари, молу дунёси қанча эди, айтасан, бўлмаса кунингни кўрсатамиз, деб дўқ уриб, сал бўлмаса қамаб қўяй дейишди. Ўша пайтдаги жумҳурият раҳбаридан бири шахсан аралашгандан сўнггина қисқа муддатда жиноятчилар қўлга олинди.

Яна кўпинча «Жиноятни фалон муддатда очмасанг ўрнингни бўшатиб қўй ёки аризангни ёз!» – дегандек буйруқлар бўлиб туради. Бизнинг «шоввозлар» ҳам анойилардан эмас, бекорга бўшаб кетаверишмайди, дарров йўлини топишади. Мисол дейсизми? «Андижон – Ўш» йўлида рўй берган кўча ҳалокатида бир неча киши ўлди. Шунда бир раҳбар томонидан «айбдорни топмасанг бўшатаман» деган буйруқ чиқди. Бундан чўчиган «шоввозлар» маслаҳатни пишириб, эгаси Булоқбоши қишлоғидаги бозорга кириб кетган «Жигули»лардан бирини бўёғидан кўчириб, махсус халтачага солишди… Шундай қилиб оиласи билан бозорга келган бир оддий деҳқон бечорани қўлга олишди. Фақат диёнатли кишиларнинг елиб югуриши, гувоҳликларигина уни мусибатдан сақлаб қолди. Ҳақиқий айбдор эса бошқа жойдан чиқди.

«Шоввоз»ларимиз жиноят пайини қирқишдан кўра, кўпроқ ҳисоботлар тайёрлаш билан оворалар. Баъзида режа бажариш учун бирорта қўлга тушган бечорароққа енгиллик беришни ваъда бериб, уни бир қатор очилмай қолган жиноятларни ҳам ўз бўйнига олишга рози қилишади. Ҳатто икки қамоқхона раҳбарлари ўша ерда ётган ўғриларга кийим-бош бериб, уларни ўғрилик-қароқчиликка чорлаб ва яна қайтариб қаматиб қўйган ҳоллари тўғрисида ҳам эшитганларимиз бор. Бундай ҳолатда халқ ва давлат мулкини ўғирлаш, талон-тарож қилиш ищлари авж олиши турган гап. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, ҳуқуқни ҳимоя қилишга масъул идораларнинг ходимларига ҳам осон эмас. Маошлари ниҳоятда оз, қурол аслаҳалари, ишлатадиган асбоблари ўғри-қароқчиларникига қараганда анча орқада қолган. Ҳозир жиноятчиларда ҳаво телефўнлари бор. Мелисада эса йўқ ва ҳоказолар.

Яқинда бўлиб ўтган жумҳуриятимиз Олий кенгашида қабул қилинган ижобий қонунлар мелиса ходямларини янги куч-ғайрат, ўз касбларига садоқат билан енг шимариб астойдил ишга киришишга ундайди, деган умидларимиз бор. Ички ишлар вазирлигининг янги раҳбарияти бир қа-тор эзгу ишларни амалга оширишяптики, бў ҳам кела-жакка умид билан қарашга ундайди. Вазирлик ташқаридан келган «устоз»лардан ҳам халос бўлиб, эркин нафас ола бошлади десак, хато бўлмайди. Энди астойдил бел боглаб ишлаш керак, холос.

Қамоқхоналар ҳозирги кунда жиноятчини ёмон йўлдан қайтарадиган, уни тўғрилик сари йўллайдиган жой эмас, балки тажрибасиз, ёш, инсонийлигини унча йўқотмаган баъзи бир кишиларни янада бешафқат, жиноятга ўч, инсониятга қарши ишларни ўтказишга тайёрлайдиган масканларга айланиб қолди: У ердан келиб чиқаётган ноқулайликлар жамиятимизга катта путур етказмоқда.

Жиноятчилик ва унга қарши кураш ҳақида фикрлашиб ўтириб ССЖИ ички ишлар вазири (собиқ) Вадим Викторович Бакатинга: «Нима қиляпсиз ўзи? Ҳаммаёқни жиноятчи босиб кетди-ку! Одамларга насиҳат қилинглар дейсиз, фақат насиҳат билан иш битмайди-ку, ахир», десам, у: «Э муфтий ҳазрат, дард кўп, «инсонпарварлар» жонга тегди. Ҳатто қамоқхоналарнинг эшик-дераза панжалари ҳам олиб ташлансин», демоқдалар. Уларнинг айтганини қилсак, эртасигаёқ ўша хонада ётганлардан биттаси ҳам қолмай қочиб кетишади. «Инсонпарварлик қиламиз», деб сон-саноқсиз жиноятчилар афв этилиб, чиқариб юборилди. Энди уларни яна тўплаб қамоқхоналарга олиб келгунимизча она сутимиз оғзимиздан келади», – деб жавоб берганди. Хуллас, инсонпарварлик ҳақиқий инсонга қилинади. Жиноятчиларни ўз биродарлари инсонга, инсониятга, жамиятга қарши қилган жинояти учун жазолаш керак. Жазони ўтаб, тавба қилиб инсонийликка қайтишса, марҳамат, хоҳлаганича инсонпарварликдан баҳраманд бўлишсин.

Сaвoл: Муштарийларимизга истакларингиз.

Жавоб: Муштарийларнинг барчаларини Яратганнинг ўзи паноҳида сакласин, иймон, умрбоқийлик ва бахт-саодат ато этсин. Ҳаммамизни Аллоҳ таолонинг ўзи тўғри йўлга бошласин, жиноятчилик йўлига кириб қолганларга ҳам инсоф берсин, уларни ҳам ҳидоятга бошласин.

«Муштум» журнали, 1991 йил, январь.
Манба: ziyouz.uz

Мавзуга оид