22:52 / 11.03.2017
10548

Тошкентда жиноят кодексини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

2017 йил 10 март куни Тошкент давлат юридик университетида «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексини такомиллаштириш масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вазирликлар, давлат органлари, илмий-марказлар ва юриспруденция йўналишидаги олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда ТДЮУ педагог-ходимлари ва иқтидорли талабалар иштирок этди. 

Мазкур анжуман суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигига халқаро тажрибани имплементация қилиш, жиноий жазоларни инсонпарварлаштиришда пенализация ва депенализация, жиноий жавобгарликни либераллаштиришда криминализация ва декриминализация қилиш, шунингдек бошқа долзарб мавзуларга бағишланди.

Илмий-амалий анжуман икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг аҳамияти, унга киритилган қўшимча ва ўзгартишларнинг моҳияти юзасидан учта асосий маърузалар тингланди. 

Иккинчи босқичда эса анжуман иштирокчилари иккита кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда қамоқ жазосини депенализация қилишнинг ижтимоий зарурати, вояга етмаганлар учун назарда тутилган жиноий жазоларни либераллаштириш истиқболлари, мажбурий жамоат ишларини пенализация қилишда миллий ва хорижий тажриба, жиноий қилмишларни криминализация ва декриминализация қилиш масалалари юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилди.

Жиноят қонунчилиги соҳасидаги олимлар ва амалиётчи мутахассислар иштирокида ўтказилган илмий-амалий анжуман якунида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилди.

Top