Фан-техника | 09:38 / 13.03.2017
14197
2 дақиқада ўқилади

Хитой стартапидан келажакдаги ғаройиб автомобиль

Хитойнинг NIO стартапи EVE номли навбатдаги “келажак автомобили” концептини тақдим этди. Автомобиль автоном ҳам, ҳайдовчи иштирокида ҳам бошқарилиши мумкин, йўл давомида эса ҳайдовчига сунъий идрокка эга борт ёрдамчиси ҳамроҳлик қилади. Салон ҳақида сўз юритилса - автомобилга “ғилдираклардаги меҳмонхона” норасмий номи берилди, у ердан ётоқхона сифатида ҳам "фойдаланиш" мумкин, деб ёзади Mashable.

Нашрнинг хабар қилишича, автомобиль салони биринчи синфдаги самолёт салонига ўхшаш. Унга олти йўловчи сиғиши мумкин, уларнинг қулайлиги учун машина суриладиган эшиклар билан жиҳозланган.

Автомобиль ичидаги ўриндиқлар тўлақонли диванга айланади, букланадиган столча ва шахсий буюмларни сақлаш учун кўплаб кичик жойлар бор. Уларнинг бари сенсорли панеллар ёрдамида бошқарилади.

Автомобилнинг NOMI номли борт ёрдамчиси автомобиль ва датчикларни бошқаради, шунингдек ҳайдовчи ҳолатидан ҳам “хабар олиб туради” ҳамда керак бўлганда, у ҳаддан ташқари чарчагани ҳақида огоҳлантиради.

Бундан ташқари, яратувчиларнинг сўзларига кўра, ёрдамчи йўловчилар ўзига хос хусусиятларини ҳам ўрганиши мумкин ва уларга қизиқ бўлган маълумотларни чиқаради. Бу ҳолатда катта олд ойна дисплей тариқасида ишлатилади. Унда фильмлар томоша қилиш ёки йўл давомида фойдали маълумотларни ўқиб бориш мумкин.

Осмондан эса нафақат олд ойна, балки катта панорамали том орқали ҳам баҳра олиш мумкин.

Бироқ, Mashable’нинг таъкидлашича, EVE серияли модель бўлиши эҳтимолдан узоқ. Сабаби унинг ишлаб чиқарувчилари автомобилларга ихтисослашмаган ва ҳаттоки техник хусусиятларни ҳам ўйлаб кўришмаган.
 
Шунинг учун NIO EVE ҳозирча фақатгина концепт бўлиб қолади. Бироқ кўпчилик келажак машинаси сифатида ундан фойдаланишни исташи аниқ.

Мавзуга оид