Жаҳон | 11:15 / 14.03.2017
54250
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони қироли Японияга 10та самолёт билан келди

Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Токиога расмий ташриф билан борди. Бу саудияликлар қиролининг 46 йил ичида илк марта Японияга келиши ҳисобланади. Қиролга 1500 киши ҳамроҳлик қилмоқда, жумладан 25 нафар шаҳзода, шунингдек, вазирлар ва бизнесменлар. Делегация 10та самолёт орқали учган, самолётларга ортилган юкларнинг умумий ҳажми 459 тонна.

Япониядаги Mainichi газетасининг ёзишича, Токиода делегация учун 500дан ортиқ лимузин хизмат қилган, Япония пойтахтидаги энг яхши меҳмонхоналарда 1000дан ортиқ номер олдиндан банд қилинган.

Ханеда аэропортида 81 ёшли монархни Япония тахти вориси шаҳзода Нарухито кутиб олган. Саудияликлар қироли Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳамда мамлакат императори Акихито билан ҳам учрашишни режалаштирган.

Япония бош вазири билан музокараларда ўзаро ҳамкорликда иқтисодий зона тузилиши ҳақида эълон қилиниши, шунингдек, "Япония ва Саудия Арабистони. 2030 йилгача истиқбол" иқтисодий дастури тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда. Режага кўра, Токио Ар-Риёдга иқтисоднинг нефтга боғлиқлигидан қутулишга ёрдам кўрсатади. Хусусан, Форс кўрфазидаги энг йирик монархик давлат иқтисодиётига хусусий инвестициялар жалб этиш масаласида ҳамкорлик қилинади.

Маълумот учун, Саудия Арабистонидаги энг йирик нефть компанияси бўлмиш Saudi Aramco қисман хусусийлаштирилиши назарда тутилган. Бу компания нефть захиралари ҳамда хомашё қазиб олиш кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Унинг қиймати 781 миллиард долларга баҳоланган.

Саудия Арабистони тахти вориси ва Мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон Токиога ўтган йилнинг августидаёқ ташриф буюрган ва Абэ билан иқтисодий ҳамкорлик дастури бўйича илк қадамни ташлаганди. Қайд этиш керакки, Япония - Саудия Арабистони нефтини энг кўп миқдорда харид қиладиган давлатлардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид