12:32 / 15.03.2017
8517

Саудия Арабистони баёнотидан сўнг нефть нархи қимматлашди

Фото: AP

Саудия Арабистонининг жаҳон нефть бозорини барқарорлаштиришга содиқлиги ҳақида баёноти фонида нефть қимматлашмоқда.

Лондоннинг ICE Futures биржасида Brent нефтининг майдаги фьючерслари қиймати Тошкент вақти билан 10:10да 0,71 долларга ошди ҳамда бир баррель учун 51,63 долларни ташкил этди. Сешанба куни бозорнинг ёпилишига фьючерслар нархи кескин пасайди – бир баррель учун 50,92 доллар.

Нью-Йорк товар биржасидаги электрон савдоларда WTI нефти фьючерси бу вақтга келиб 0,79 долларга қимматлашди – бир баррель учун 48,51 доллар. Шартнома 0,68 долларга арзонлашди – аввалги сессия якунига кўра, бир баррель учун 47,72 доллар.

ОПЕК томонидан куни кеча эълон қилинган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони томонидан жорий йилнинг февраль ойида нефть қазиб олиш суткасига 263 минг баррелга ошган – суткасига 10 миллион баррелдан кўпроқ. Бироқ бу ОПЕК давлатлари томонидан нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишув доирасида белгиланган кўрсаткичдан пастроқ бўлиб қолган.

ОПЕК давлатлари февраль ойида умумий ҳисобда қазиб олиш ҳажмини суткасига 140 минг баррелга қисқартиришди – суткасига 31,958 миллион баррель.

Саудия Арабистон энергетика вазирлигининг сешанба куни маълум қилишича, давлат аввалгидек жаҳон нефть бозорини барқарорлаштириш тарафдори.

"Саудия Арабистони бозор иштирокчиларини жаҳон нефть бозорини барқарорлаштириш тарафдори бўлиб қолаётгани ҳақида хабардор қилади. ОПЕК аъзолари ва аъзо бўлмаганлар билан яқин ўзаро ҳаракатлар амалга оширилмоқда", - дейилади баёнотда.

Вазирликнинг хабар беришича, февралда жаҳон бозорига нефть етказиб бериш ҳажмини суткасига 90 минг баррель – 9,9 млн. баррелга қисқартирган, қолган қазиб олинган нефть эса қироллик омборхоналарига юборилган.

Top