Ўзбекистон | 16:20 / 29.03.2017
21912
3 дақиқада ўқилади

Президентнинг давлат маслаҳатчиси Наманган вилоятида сайёр қабул ўтказди

27-28 март кунлари Наманган вилоятининг Чуст, Учқўрғон, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Давлат маслаҳатчиси, Президент девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбари Т.Худойберганов иштирокида вилоят аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилди. Бу ҳақида Facebook'нинг "Халқ билан мулоқот" гуруҳида хабар берилди

Сайёр қабулларда Наманган вилояти ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар, суд органлари раҳбарлари, бошқа тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Тадбирларда таъкидланишича, бугунги кунга келиб Наманган вилояти аҳолисидан Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 29 мингга яқин мурожаат ва аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан зиёди асосли деб топилган ва назоратга олинган.

Хусусан, Косонсой туманидан – 1475, Мингбулоқ туманидан – 703, Наманган туманидан – 1519, Норин туманидан – 1288, Поп туманидан – 2125, Тўрақўрғон туманидан – 1540, Уйчи туманидан –1725, Учқўрғон туманидан  – 1665, Чортоқ туманидан – 1711, Чуст туманидан – 2744, Янгиқўрғон туманидан – 1291 ҳамда Наманган шаҳридан – 11179 мурожаат келиб тушган.  

Мурожаатлар асосан уй-жой олиш, турар-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирталаблиги, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишларнинг кўрилиши ҳамда суд қарорларининг ижроси, банк-молия масалалари, моддий ёрдам, ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, фуқаролик, паспорт олиш каби соҳаларга оиддир.

Аҳоли билан учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига фуқароларнинг турли мазмундаги 350 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Мисол учун, Мингбулоқ тумани Найман ҚФЙда истиқомат қилувчи Ўғилхон Исоқова қишлоқда мактабгача таълим муассасаси мавжудлиги, аммо фаолият юритмаслигини маълум қилган. Қишлоқда болалар боғчасига катта эҳтиёж мавжуд эканини айтиб, унинг фаолиятини қайта йўлга қўйиб беришда ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат туман ҳокимлиги томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва боғча таъмирлаш учун дастурга киритилиб, фаолият бошлаши маълум қилинди.

Наманган шаҳрининг Эшобод МФЙда яшовчи Мунисхон Сатторова тадбиркорлик қилиш учун бино ва имтиёзли кредит ажратиш масаласида ёрдам беришни сўраган. Ушбу масалани ижобий ҳал этиш бўйича шу ернинг ўзида банк муассасалари раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Наманган туманидаги “Исмоил ота” фермер хўжалиги раҳбари Ёқубжон Юсупов хўжаликка ажратилган ер майдони асоссиз равишда захирага олинганидан норозилик билдирган. Мазкур муаммо ҳам сайёр қабул давомида кўриб чиқилиб, масала фермер фойдасига қонуний ва ижобий ечим топди.

Сайёр қабуллар якунида кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид