22:30 / 01.04.2017
3950

Мисрлик судья гиёҳванд модда сақлагани учун умрининг охиригача қамалди

Мисрнинг Сувайш шаҳридан бўлган судья гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлагани учун умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Бу ҳақда Al-Ahram нашри хабар берди

Нашр маълумотларига кўра, судья 2016 йил ноябрда машинасида 68 кг марихуана аниқлангандан кейин ҳибсга олинган. Гиёҳванд модда судьянинг автомобили Сувайш канали остидан ўтувчи ҳамда Африка ва Осиёни бирлаштирувчи Аҳмад Ҳамдий номидаги туннел олдида текшириш учун тўхтатилганда топилган. Гиёҳванд модданинг умумий қиймати 1,5 млн миср фунтига (90 минг доллар) баҳоланган.

Собиқ судья билан бирга машина ҳайдовчиси ва улар билан кетаётган европалик аёл қўлга олинган. Уларга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. 

Миср қонунчилигига кўра, умрбод қамоқ жазоси 25 йилга тенг. Воқеадан кейин судья Миср адлия вазири қарори билан истеъфога чиқарилган.

Мисрда гашиш гиёҳванд моддаси 1925 йилдан бери тақиқланган. 

Top