08:51 / 18.04.2017
4441

Бразилия қурилиш компанияси пора бергани учун 2,6 млрд доллар жарима тўлайди

Бразилиянинг Odebrecht қурилиш концерни фойдали шартномаларни олишда коррупциядан фойдалангани учун 2,6 млрд АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.   Globo телеканалига кўра, Нью Йорк штатидаги Шарқий округи федерал суди компаниянинг тергов томони билан келишувини маъқуллаган. 

Хабар қилинишича, бу суммадан 2,39 млрд доллари Бразилияга тўланади, 93 млн доллари АҚШга ва 116 млн доллари Швейцарияга берилади. Ўз навбатида, Испаниянинг El Pais нашри ёзишича, гап Америка судининг хорижий компанияга солинган энг йирик жаримаси ҳақида бормоқда. Ҳозирча, Odebrecht вакиллари суд қарорини изоҳлашгани йўқ. 

2016 йил декабрида АҚШ адлия вазирлиги Odebrecht ва Бразилиянинг Braskem нефткимё компанияси ўз айбига иқрор бўлиб, Қўшма Штатлар, Бразилия ва Швейцарияга 3,5 млрд доллар жарима тўлашга рози бўлгани ҳақида хабар қилган эди. Хусусан, қурилиш концерни кўрсатмаларида айтилишича, унинг раҳбарияти 2001-2016 йилларда 12 мамлакатдаги қурилиш ишларини олиб бориш учун 788 млн доллар миқдорида пора берган. 

Odebrecht Жанубий Американинг энг йирик қурилиш компанияси ҳисобланиб, Petrobras давлат нефтгаз компанияси пудратчиларидан биридир. 2015 йил июнь ойида Odebrecht президенти Марселу Одебрехт Бразилия федерал полицияси томонидан қўлга олинган эди. 2016 йил мартида у коррупция, пулларни ноқонуний ўтказиш ва жиноий гуруҳда иштирок этганлиги учун 19 йилу 4 ойга қамалган эди. 

Top