Жамият | 21:29 / 18.04.2017
89737
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки автобус «пойга»си тўқнашув билан тугади

17 апрель куни эрталаб Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги Mega Planet савдо маркази яқинида 60- ва 72-автобуслар тўқнашуви қайд этилди. Бу ҳақида автобусларнинг бирида бўлган гувоҳ Facebook'нинг "Водители Ташкента" гуруҳида маълум қилди

Манбага кўра, йўловчи ташувчи икки автобус ҳайдовчиси бир-бири билан "ким ўзар" ўйнаган ва охир-оқибат тўқнашув юз берган. Натижада автобусларнинг дераза ойналари синиб, йўловчилар ҳаётига хавф туғдирган. 

Гувоҳнинг сўзларига кўра, воқеа натижасида жиддий жабрланганлар бўлмаган. Шундай бўлса-да, автобус салони йўловчига тўла бўлган ва бу одамлар орасида ваҳима кўтарилишига сабаб бўлган. Автобуслар тўхтагач, йўловчилар тушиб қолишган.

Ушбу воқеага муносабат билдирганлар талайгина, негаки бугунга келиб бундай ҳолат, яъни автобуслар "пойга"си оддий ҳолга айланиб бормоқда. Ҳайдовчиларнинг бундай "беллашувлар"и эса инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф солмоқда. 

Ҳозирги айрим ҳайдовчиларнинг жамоат транспортини  шахсий автомобилидек бошқариши кишини ажаблантиради, бу катта масъулият талаб қилади, ахир. Уларнинг ўйлаб-ўйламай қилган хатти-ҳаракатлари нафақат транспорт ичидаги йўловчилар ҳаётини, балки ён-атрофдаги бошқа транспорт воситаларидаги кишилар ҳаётини ҳам хавф остига қўйиши ҳақида ўйлашармикан?! Бу ўз номи билан ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИ!

Facebook фойдаланувчилари ушбу воқеа ва умуман ҳайдовчиларнинг жамоат транспортларини бошқариши юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларда чора кўрилишига умид билдириб қолишган. 

 

 

Мавзуга оид

Эълонлар