Light | 19:14 / 23.04.2017
75357
6 дақиқада ўқилади

Дангасаликни қандай енгиш мумкин?

Яхши ишларни душанбадан бошлаш одат тусига айланган. Илк икки кун шиддатли кечади, чоршанбага бориб эса, ташаббус ўрнини дангасалик эгаллайди. Натижада машғулотни давом эттириш кейинга қолдирилади. Harvard Business Review'да шу мавзудаги мақола тақдим этилди.

Японлар буни «mikka bouzu» - «уч кунлик руҳоний» (сўзма-сўз "уч кун ҳам сабр қила олмайди") деб аташади. Биз ўзимиз истамаган ва бизга қизиғи бўлмаган ишни бажаришга эринамиз.

"Сен ўзингни ўзинг мажбур қила олмасанг ва ўз олдингга талаб қўя олмасанг, олдингда юз ўқитувчи турган бўлса ҳам, бунга ожизлик қилади", - деб ёзган ярим аср илгари В.А.Сухомлинский. Бугун, аксинча, ички қониқмаслик ҳисси ва турли депрессив ҳолатлар авж олмоқда.

Инсон ўз мақсадларини тўлиқ англаши ва ўз имкониятлари ҳамда уларга эришишда объектив реалликни баҳолаши баробарида, шубҳасиз, ўзини асраши керак. Орзу ва истаклар мавжуд бўлиб, уларнинг нима учун кераклиги борасида тушунчалар йўқ бўлса, ўзингни ҳаракат қилишга мажбурлаш қийин. Бироқ бугун дангасаликка имкон берсак, эртага йўқотилган имкониятлар учун афсусланамиз. Шундай экан, инсон ўзи билан ўзи келишишни билиши керак. Ўзини мажбурлаш - ортиқча. Шунчаки ғайрат қилинг ва бажаринг: инертликни енгиб ўтсангиз, иш ўз-ўзидан қайнаб кетади. Қатъий ва сабрли кишиларда эса, албатта, иккинчи нафас очилади.

Қисқаси, кимда хоҳиш бўлса, мақсадга эришиш йўлларини қидиради. Қолганлар эса ўзини оқлаш учун сабаб излайди.

Сиз франциялик кўча дорбози Филипп Пети ва унинг Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази эгизак миноралари ўртасидаги "сайр"и тарихини билсангиз керак. Ҳаммаси журналда Марказ биноси қурилиши ҳақидаги мақоладан бошланган - ўшандан бошлаб Филипп осмонўпар бинолар ўртасидаги масофани дорда кечиб ўтиш орзуси билан ёнган. У бундай "сайр"дан кейин ҳибсга олинишини билса-да, унга жон-жаҳди билан тайёргарлик кўрди. Ғоя кучлироқ чиқди. Пети бугунга қадар машҳур шахслигича қолмоқда.

Япониялик афсонавий дзюдочи, Олимпия чемпиони Ясухиро Ямасита жароҳатдан кейин мусобақаларда қатнашишда давом этиш керакми ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, қарор дзюдочининг "асосий мақсади"га боғлиқ эканини қайд этган. Бу мусобақаларда иштирок этиш спорт карьерангиз учун муҳимлигига ишонишингиз керак, ғалаба қилиш учун ҳамма нарсага тайёрсиз, шу жумладан узоқ даволаниш ва қайта тикланишга ҳам. Шундай экан, салбий асоратлар ҳақида ўйламай, ўз устингизда ишлаш ва оғриқни енгишда давом этишингиз керак.

Умуман олганда, ҳар қандай қарор - тўлиқ сизнинг қўлингизда. Спортда жароҳат олиш - спортчининг муаммоси ва фақат унинг ўзигина бунинг асоратларини ҳис қилади. Мураббий ва томошабинлар "Давом эт!" деб қичқириб, жароҳат туфайли тўхташ ниятингизни билгач, бирор хафа қилувчи сўз айтишдан ҳам тойишмайди. Шу боис воқеаларнинг бундай ривожини олдиндан кўра билиш ва унга тўғри муносабатда бўлиш лозим. Ирода кучи — инсонга хос бўлган доимий сифат; у ё бор, ё йўқ. Фақат ирода кучига эга бўлган кишигина ўзини бошқара олади.

Шунингдек мотивацияга ҳам эга бўлиш керак. Бироқ мотивация бизнинг кайфиятимиз каби ўзгарувчан. Спортга янги келганлар кўпинча тезкор натижаларни кутиб, ўзгача шиддат билан шуғулланишади. Истаклар реалликка тўғри келмаганида эса, умидсизликка тушишади. Шу боис спорт билан шуғулланишни одат тусига айлантириш керак.

Бундай одат мунтазам равишда спорт билан шуғулланишнинг кўпична 21-кунида шаклланади. Бошида бунга аҳд қилиш керак. Бироз вақт ўтгач эса, одат эҳтиёжга айланади. Шундай экан, бошлаган ишингизни охирига етказинг.

Сезиларли натижага эришиш учун бироз вақт ва ҳаракат талаб қилинишига ўзингизни ишонтиринг. Бунда ирода муҳим роль ўйнайди: эришиш осон бўлган мақсадлар бўлмайди.

Қарор қабул қилдингизми, ўзингизга уни бажаришга ваъда беринг ва ҳеч қандай шубҳа-гумонларга ўрин қолдирманг.

Иродангизни мустаҳкамланг, ўз хоҳишларингизни назорат қилинг ва дангасаликни енгишни ўрганинг.

Агар чалғимоқчи бўлсангиз ёки қандайдир ёқимли машғулот сизни ўзига жалб қилса, аввал 10 марта секин нафас олинг ва ўйлаб кўринг: шундай қилиш керакмикан? Йўлнинг ярмига келганда уни ташлаб кетиш - аҳмоқлик. Албатта, ёқимли иш билан шуғулланиш яхши. Бироқ ҳар сафар дангасаликка берилар экансиз, сиз ва сиз истаган натижа ўртасидаги масофа қисқармайди. Ҳаётдаги катта ғалабалар майда хурсандчиликлардан муҳимроқ бўлиб чиқади.

Кундалик режимингизни шундай ташкил қилингки, барча янги жараёнлар ҳаётингизда осон ва табиий кечсин. Навбатдаги душанбани кутишга ҳожат йўқ. Янги тонгни қарши олинг ва ишга киришинг!

Мавзуга оид