Жамият | 09:38 / 25.04.2017
9107
2 дақиқада ўқилади

Олимлар полиэтилен пакетчаларни ейдиган қуртларни аниқлашди

Олимлар йирик мум куясининг қурти полиэтилен пакетларни ейишини аниқлашди. Уларнинг тадқиқот натижалари Current Biology журналида чоп этилди.

"Бу кашфиёт океан ва махсус далаларда тўпланаётган йирик миқдордаги чиқиндилардан қутилиш имконини беради", — деган Франс Пресс агентлигига тадқиқот муаллифларидан бири. Кембриж университети профессори Паоло Бомбеллининг сўзларига кўра, полиэтилен табиий шароитларда жуда секин чиригани сабаб атроф-муҳит учун жуда жиддий муаммо ҳисобланади. 

Ушбу қуртнинг бундай хусусияти кутилмаганда кашф қилинди. Тадқиқот муаллифларидан бири, асаларичилик билан шуғулланиб турувчи биолог Федерика Берточчини кунларнинг бирида асалари уяларида Galleria mellonella номли зараркунанда капалак – йирик мум куясининг личинкалари борлигини аниқлаган. Берточчини қуртларни йиғиб, полиэтилен пакетчаларга жойлаган. Бироқ, бирмунча вақт ўтганидан сўнг, пакетча тешилиб, қуртлар уйга тарқалиб кетгани маълум бўлган. 

Шундан сўнг, Берточчини Кембриж университетидаги ҳамкасблари билан бирга бир неча юзлаб қуртларни супермаркетдан келтирилган полиэтилен пакетга жойлаштирди. Орадан 40 дақиқа ўтар-ўтмас, олимлар унда илк тешикларга гувоҳ бўлишди. 12 соатдан сўнг эса, қуртлар 92 миллиграмм полиэтиленни еб қўйди. Бу эса, бактериялар ёки замбуруғлар шу вақт мобайнида йўқ қилиши мумкин бўлган миқдордан кўпдир, дейилади мақолада. 

Келгуси тажрибалар қуртлар полиэтиленни тўлиқ ҳазм қила олишини исботлаган. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, полиэтилен пакетчалар устига янчилган қурт қўйилганда ҳам эриб кетган. Олимларнинг фикрича, бу қурт безлари ёки уларнинг ҳазм қилиш тизимидаги симбионт-бактериялар ишлаб чиқарадиган ферментлар таъсири натижаси бўлиши мумкин. Шундай экан, тадқиқотчилар келгусида полиэтилен пакетларни йўқ қиладиган самарали восита ишлаб чиқилиши мумкинлигини айтмоқдалар. 

Мавзуга оид