19:22 / 04.05.2017
4518

Моуриньо яна испанларга қарши. Кун учрашуви ҳақида

Бугун Европа лигасининг иккинчи ярим финали доирасида Вигода «Сельта» «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилади. Tribuna.Uz куннинг муҳим учрашуви ҳақида батафсил тўхталиб ўтади.

Европа лигаси, 1/2 финал
Сельта - Манчестер Юнайтед (4 май, 23:59, UzReport, Матч ТВ, Матч! Футбол 1)

Ўйин олдидан
«Манчестер Юнайтед» таркибда жиддий муаммоларга дуч келган бўлишига қарамасдан, бу учрашувда гол киритиши шарт саналади. «Сельта» ҳеч қачон ўз ҳимояси билан мақтана олмаган. Жамоа шу кунгача ўз уйида ўтказган (барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда) учрашувларнинг фақат учтасидагина ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Еврокубокларнинг ҳал қилувчи плей-офф босқичида эса бу жуда муҳим кўрсаткичлардан бири саналади

Аммо инглиз жамоасида ҳам ҳужум борасида муаммолар етарлича. Жамоа меҳмонда ўтказаётган учрашувларда ўртача битта учрашувда битта гол кирита олмоқда холос. Аммо жамоа меҳмонда ўтказган сўнгги 20 учрашувнинг фақат учтасида гол кирита олмади. Уларнинг иккитасида жамоа «Манчестер Сити» ва «Челси» меҳмони бўлганини эслашимиз лозим. Бу статистикалар «МЮ»да меҳмонда гол киритиш имконияти юқори эканини кўрсатмоқда.

Ўзаро учрашувлар тарихи
«Сельта» еврокубокларнинг бу босқичида биринчи марта иштирок этаётгани каби «Манчестер Юнайтед»га қарши ҳам ўз тарихида биринчи марта майдонга тушмоқда. Шу кунга қадар икки жамоа ҳаттоки ўртоқлик учрашувлари доирасида ҳам ўзаро ўйин ўтказишмаган.

Қизиқарли фактлар
— иккала жамоа ўзаро биринчи марта рўбарў келмоқда;
— «Сельта» инглиз жамоаларига қарши 9 учрашув ўтказиб 5та ғалабага эришган, 4 марта мағлуб бўлган. Вигода бу кўрсаткич: 4 ўйин, 2 ғалаба, 2 мағлубиятдан иборат;
— «Манчестер Юнайтед» испан жамоаларига қарши меҳмонда ўтказган 22 учрашувнинг фақат иккитасидагина ғалаба қозона олган;
— «Манчестер Юнайтед» испан жамоаларига қарши жами 47 учрашув ўтказиб 12 март ғалаба қозонган (19Д, 16 М);
— «МЮ» еврокубокларнинг (ЕЧЛ) сўнгги учта ярим финалида испанларга тўқнаш келганида, уларнинг 2тасида ғалаба қозонган;
— «Сельта» ўз тарихида биринчи марта еврокубоклар ярим финалида иштирок этади;
— «Манчестер Юнайтед» Европа лигаси доирасидаги сўнгги 8 учрашувдан буён мағлубиятга (6Ғ, 2Д) учрамай келмоқда;
— «МЮ» бош мураббийи Жозе Моуриньо «Сельта»га қарши «Реал» бош мураббийи сифатида 4 марта майдонга тушган. 3 марта ғалаба қозонган ва бир марта мағлубиятга учраган.

Йўқотишлар
«Сельта» таркибида бир вақтлар «Манчестер Юнайтед» таркибида тўп сурган Жузеппе Росси майдонга туша олмайди. У тиззасидан жароҳат олган. Худди шундай жароҳат туфайли Планяс ҳам бу учрашувда виголикларга ёрдам бера олмайди.

«Манчестер Юнайтед»да бу борада йўқотишлар кўпроқ. Жамоанинг асосий ҳужумчиси Златан Ибраҳимович хочсимон пайлари узилиши натижасида 2017 йилда бошқа футбол ўйнаши сўроқ остида қолмоқда. Худди шундай муаммога Маркос Рохо ҳам дуч келган. Люк Шоу эса тўпиғидан олган жароҳати сабаб мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади. Крис Смоллинг ва Фтл Жонснинг ҳам бу ўйинда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. Поль Погба эса УЕФА расмий сайти берган маълумотларга кўра, бугунги учрашувда иштирок эта олиши керак.

Тахминий таркиблар
Марказий ҳимояда катта муаммоларга дуч келган Жозе Моуриньо бу сафар Маттео Дармианни шу позицияда синаб кўриши мумкин. Биргина тўлиқ соғлом ҳимоячи Эрик Байига шунингдек Андер Эррера ёки Майкл Каррик ёрдам бериши кутилмоқда. «Сельта» таркибида эса жамоани шу босқичга қадар олиб чиққан энг кучли футболчилар ўйнаши кутилмоқда.

«Сельта»: Серхио Альварес, Малло, Кабрал, Фонтас, Жонни, Радоя, Пабло Эрнандес, Аспас, Васс, Систо, Гвидетти.
«Манчестер Юнайтед»: Ромеро, Валенсия, Байи, Дармиан, Янг, Погба, Каррик, Эррера, Мхитарян, Рэшфорд, Марсиял.

Top