19:31 / 08.05.2017
26442

Макроннинг муваффақиятига сабаб бўлган 5 та факт

Фото: Reuters

Франциянинг янги сайланган президенти, 39 ёшли Эммануэл Макрон шу вақтгача Rothschild & Cie Banque банкида инвестициялар бўйича банкир, Франсуа Олланд ҳукуматида иқтисодиёт вазири бўлишга ҳам улгурди. Келаси беш йилда у дунёнинг ядровий давлатларидан бири – Франциянинг президенти лавозимини эгаллайди. 

У ўта ўнг кайфиятдаги “Миллий Фронт” етакчиси Марин Ле Пенни деярли 2 баравар фарқ билан ортда қолдирди. Шу билан Макрон Франциянинг сўнгги 140 йиллик тарихидаги энг ёш давлат раҳбари номини қўлга киритди. Хўш, Европанинг сўнгги бир неча йилликлардаги энг муҳим сайлови натижаси ҳақида нималарни билиш лозим? Insider.pro сайти шу хусусда таҳлил юритади.

1. Популизм* рад этилмади, балки ортга сурилди

Ҳа, Европа элитаси учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган сиёсий ғалаба кураши поёнига етгани йўқ. Гарчи, кенг жамоатчилик асосий сиёсий зиддиятларни алоҳида бир шахсларнинг қарама-қаршилиги сифатида қабул қилса-да, статистика ўз вазифасини бажармоқда: бир йилдан ошдики, ишсизлар сони камаймоқда, иқтисодиёт барқарорлаша бошлади. Тадқиқотларга кўра, иқтисодий ўсиш суръатлари сўнгги 6 йилдаги энг юқори кўрсаткичига етди. 

Фото: Reuters

Албатта, айни шу нарса ҳам Ле Пенни норози кайфиятдаги сайловчилар овозидан маҳрум қилди. Икки ҳафта муқаддам, Марин Ле Пен 21,3 фоиз тўплади. 2014 йилда унинг партияси ЕИ парламенти учун сайловларда 24,8 фоиз овоз тўплаган эди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, 2014 йилги натижа “Миллий Фронт” учун инқироздан кейинги ягона энг юқори кўрсаткич бўлди. Аммо, сиёсий оқимларнинг машҳурлиги даврийлик касб этади, радикал сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш даражасини англатувчи кўпгина омиллар — глобаллашув танқиди, Ислом дини тарқалишидан қўрқув, ишсизлик — буларнинг барчаси ўз таъсирига эга. Мариннинг натижаси отаси Жан-Мари Ле Пеннинг 2002 йилги президентлик сайлови иккинчи турида кўрсатган 17,8 фоизлик кўрсаткичидан деярли икки баравар юқорилигича қолди ва узоқ истиқболда “Миллий Фронт” машҳурлиги ортиши табиий. 

2. Французча истисно

2016 йилда популизм иккита йирик ғалабага эришди. Булар Дональд Трампнинг президент сифатида сайланиши ҳамда Brexit бўйича референдумда ЕИ таркибидан чиқувчиларнинг ғалаба қозонишидир. Бунда, асосан, ёши катта кишиларнинг овози муҳим ўрин тутди. Хусусан, Трампни қўллаб-қувватлаган 65 ёшдан катта сайловчилар орасидаги фарқ 8 фоизни ташкил этган бўлса, Brexit ташаббусини маъқуллаган кекса британияликлар 20 фоизга кўпроқ эди. “Бироқ, Францияда Ле Пен барча ёшдаги сайловчилар орасида фақат ёшлар ўртасида машҳурроқ бўлди”, - дейди Ҳарвард университети ўқитувчиси Яша Мунк. Унинг айтишича, бошқа сайловчилар 80/20 нисбатда Макрон фойдасига овоз беришган. 

Фото: EPA

3. Еврони қўллаб-қувватлаш

Аниқки, нафақахўрлар ва пенсионерларнинг Ле Пен ғалабасини хоҳламаганига қисман унинг евродан воз кечиб франкни қайта жорий этишни ваъда қилгани ҳам сабаб бўлди. Аввалроқ, Opinion-Way.fr ижтимоий маркази Ле Пеннинг Евро ҳудудидан чиқиш ваъдаси нақадар ҳақиқатга мос келади, деган савол билан мурожаат қилганида, жавоб берувчилар 80/20 нисбатда «йўқ» (мос келмайди) дея жавоб беришган. «Frexit» пул қадрсизланиши ва пенсионерлар харид қобилияти пасайишини англатар эди. Шунга кўра, улар, деярли барча ривожланган мамлакатларда бўлгани каби сайлов натижаларига таъсир кўрсата олди.  Франция сайловчилари арзонроқ ва анча эркинроқ валюта уларнинг муаммоларини Грециядан кўра самаралироқ ҳал қилиб беришига ишонишмайди. Импорт маҳсулотларининг 48 фоизи айнан Евро ҳудуддан кириб келишини билиш масалага узил-кесил нуқта қўяди. 

Фото: NYTIMES

4. Макрон тез хулоса чиқара олади

Макрон биринчи турдаги ғалабадан сўнг, Париждаги олий тоифали ресторанда тантанали кеча ташкил этган эди. Кўпчилик, бундан унинг иккинчи турдаги ғалабага ишончи юқори эканини англаб етишди. Аммо, ҳаддан ортиқ ўзига ишониш Макрон обрўсига путур етказиб қўйиши ҳеч гап эмас эди. Шу сабабли, ўзининг қалтис ҳаракатидан тезда хулоса чиқарган сиёсатчи 7 майдаги ғалаба нутқида камтарлик қилиб, рақибларига нисбатан оҳангини юмшатди. Ахир, унинг “Олға!” ҳаракати июнь ойида Ассамблея учун сайловларда ҳам ғалаба қозонишига кафолат йўқ. Ахир, Макрон парламентда аксар ўринга эга бўлмас экан, режалаштирган ислоҳотларини амалга ошира олмайди. 

5. Сайловчилар сохта хабарларга эътибор бермай қўйишди

Франция президентлик сайлови натижасининг энг муҳим ижобий натижаси шу бўлдики, француз сайловчилари сохта хабарларга унчалик ҳам ишонавермаслигини намойиш эта олди. Бундай хабарларнинг аксарияти Макрон обрўсини туширишга қаратилган эди. Унинг Баҳам оролларидаги махфий банк ҳисоб рақамларига эгалигига ўхшаш турли хабарлар Франция интернет тармоғида кенг тарқалди. Бироқ, уларни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Ҳатто, номзод қароргоҳи электрон мактубларининг хакерлар томонидан эълон қилиниши ҳам салбий таъсир кўрсата олмади. Бироқ, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ўнг марказчи кайфиятдаги номзод Франсуа Фийонни обрўсизлантиришга қаратилган кампания ўз самарасини бермай қолмади. Чунки, уларда қайсидир маънода ҳақиқат мужассам эди. Шундай экан, айтиш мумкинки, сиёсий элита жамоатчилик фикрини профессионалларга хос тарзда бошқаришда давом этар экан, Франция демократиясига ҳеч нарса таҳдид солмайди. 

Фото: EPA

*Популизм – популизм негизида у ёки бу сиёсий кучнинг омма ишончини қозониш, қўллаб-қувватлашига эришиш, халққа ёқиш истаги кучли бўлади. Бунда популист сиёсатчиларнинг асл мақсади (ҳокимият учун кураш, бойлик орттириш ва шу к.) ижтимоий жозибадор ғоялар ортига яширинган бўлади. 

Мавзу
Францияда президент сайлови
11 нафар номзод Елисей саройи учун кураш олиб бормоқда. Франция конституциясига мувофиқ, биринчи турдан сўнг икки номзод қолади. Улар сайловнинг якуний босқичида иштирок этади. Иккинчи тур 7 май куни бўлиб ўтади.
Барчаси
Top