Интервью: Ота-оналар Президентнинг янги қароридан мамнун
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига биноан 2017-2018 ўқув йилида олий ўқув юртларига қабуллар учун квоталар 8 минг 409 тага кўпайган ва жами 66 минг 316 нафар талаба қабул қилиниши эълон қилинган эди. Шу муносабат билан фарғоналик айрим ота-оналарнинг фикри билан қизиқдик.
“Ўғлим 2016 йилда Чирчиқда ҳарбий хизматни ўтади. Афсуски, имтиёзга эга бўла олмади. Шундай бўлсада, у ўқиди-изланди. Олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топшириб, 125 балл тўплай олди. Лекин ўқишга кира олмади. Фарзандимнинг ўқиши ва олий маълумотли бўлишини жуда истаган эдим”, дейди Ферузахон Хожиакбарова. – “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги қарорида тест синовларини топшириб, ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларга қўшимча имкониятлар яратилганини кўриш мумкин. Яъни, ўқиш истагидаги йигит ёки қиз синовларда 68 балл тўплай олса, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилинади. Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади. Ҳозирча контрактнинг нархи маълум эмас”.
“Ҳар бир ота-она фарзанди саводли, аниқроғи, олий маълумотли бўлишини истайди. Давлатимиз томонидан шартнома асосида таҳсил оламан, деган талаба учун имкониятлар бисёр. Бунга мисол тарзида таълим кредитларини айта оламан. Фарзандим бу йил 68 дан юқорироқ баллга эга бўлса, албатта, ўқитаман. Имкониятлардан фойдаланаман. Президентимизга мана шу бўлажак талабаларнинг оналари номидан миннатдорчилигимни айтаман. Бу қарор биз каби оналарнинг орзуларини амалга оширмоқда”, дейди Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи Иродахон Исақова.
Маълумот ўрнида, жорий йилда Фарғона вилоятидаги 4 та олий таълим муассасаси, жумладан, Фарғона Давлат Университети 1600 нафар, Фарғона Политехника Институти 1915 нафар, ТАТУ Фарғона филиали 340 нафар, Қўқон Педагогика Институти 1200 зиёд талабани ўқиш учун қабул қилади.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали бу йил 340 нафар талабани ўқишга қабул қилади. Хўш, мазкур олий таълим муассасаси қўшимча талабаларни қабул қилишга тайёрми?
“Ўқув бинонинг хажми етарли даражада. Профессор ўқитувчиларнинг салоҳияти, билим беришлари ва контингентлари ҳам етарли даражада. Демак, биз ўқув жараёнини ташкил этиш имкониятига эгамиз”, дейди ТАТУ Фарғона филиали ўқув ва илмий тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари Фазлиддин Полвонов.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси стратегик ривожланишининг бешта устувор йўналиши доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил амалга оширишга замин яратади.
Аҳрор Зиё, Фарғона
Мавзуга оид
09:40
Ҳиндистон Фарғонада халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этади
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
16:35 / 30.10.2024
Фарғонада сайлов қонунчилигини бузган участка сайлов комиссияси аъзоси маъмурий жазога тортилди
11:07 / 24.10.2024