01:07 / 14.05.2017
10127

Озарбойжоннинг энг йирик банки банкротлик ҳақида ариза топширди

Озарбойжон Халқаро банки 3,3 млрд долларлик қарзини реструктуризациялаш (қарзга хизмат кўрсатиш бўйича шартларни қайта кўриб чиқиш) учун Нью-Йорк судига банкротлик ҳақида ариза берди. The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, Озарбойжоннинг энг йирик банкига капитал қуйилишларга қарамасдан, нефть нархи тушиши ва валюта курсларининг ўзгариши сабабли катта зиён етказилган.   

Озарбойжонда валюта тақчиллиги ва ўткир валюта инқирози натижасида касодга учраш ёқасига келиб қолган ушбу банк ташқи қарз бўйича тўловларни амалга оширишни тўхтатди ва кредиторлар билан реструктуризация ҳақида музокараларни бошлайди.

Банк 10 май куни асосий қарзи ва кредитлар бўйича 100 млн долларлик фоиз бўйича тўловни ўтказиб юборган. Унинг хорижий валютадаги бир қисм қарзлари Озарбойжон суверен облигацияларига алмаштирилади, таклиф қилинаётган реструктуризация режаси агар уни кредиторлар маъқулласалар, мажбурий бўлади. 

Банкни соғломлаштириш мақсадида ўтказиладиган реструктуризация натижасида унинг хорижий валютадаги қарзлари давлатга топширилади.

Маълум қилинишича, Нью-Йорк суди банкнинг мурожаати асосида банк хорижий мажбуриятларини кўнгилли реструктруризациялаш вақтида хорижий кредиторлар унинг активларига талаб қўя олмасликлари ҳақида қарор чиқарди.

"Бизнинг мурожаат суд томондан таъминланди. Бу эса реструктуризация жараёнини муваффақиятли якунлаш учун тўғри қадамлар қабул қилаётганимизни кўрсатади", деб айтган банк бошқарув раиси Холид Ахадов.

Top