19:40 / 15.05.2017
11178

Хитой раҳбари “Бир макон – бир йўл” форуми якунларини сарҳисоб қилди

“Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида олий даражадаги форум иштирокчилари икки кунлик мунозаралар давомида жиддий ижобий натижаларга эришишди. Бу ҳақда ХХР раиси Си Жинпинг форум якуни бўйича ўтказилган матбуот-анжуманида маълум қилди.

"Форум доирасида амалий ҳамкорлик даражасини оширишга ва жиддий ижобий натижаларга эришишга муваффақ бўлдик", - дея айтиб ўтди Хитой етакчиси.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Хитой ташаббус иштирокчиларига бундан кейин ҳам керакли кўмак кўрсатишга, инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришга, ўзаро алоқаларни яхшилаш устида ишлашга, қашшоқлик ва коррупция билан курашишга тайёр.

Хитой 2013 йилда “Бир макон – бир йўл” иқтисодий ривожланишнинг янги стратегияси ҳақида маълум қилди. У Евроосиё давлатлари ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва инфратузилмани яратишга мўлжалланган. Стратегия ривожланишнинг икки муҳим йўналишини қамраб олади: Ипак йўлининг иқтисодий макони ва денгиздаги Ипак йўли. Гап Шарқдан Ғарбга имтиёзли шартларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш учун савдо йўлагини яратиш ҳақида бормоқда.

Си Жинпингнинг маълум қилишича, “Бир макон – бир йўл” ташаббуси инклюзив ва очиқ майдон бўлиб, бу ерда барча иштирокчилар тенг асосда ўз ҳиссасини қўшиши ва фойда олиши мумкин.

“Бир макон – бир йўл” ташаббуси ривожланишнинг очиқ ва инклюзив негизидир, унда барча манфаатдор давлатлар иштирок этиши ҳамда тенг асосда ўз ҳиссасини қўшиши ва фойда олиши мумкин”, - дея айтиб ўтди Хитой раҳбари.

"Биз янада очиқлик орқали қалин ўзаро манфаатли ҳамкорликни истаймиз, биз бу ҳамкорликни мафкуравий асосга боғлаш, қандайдир сиёсий босим ўтказиш ёки қандайдир экслюзив келишувларга эришиш ниятида эмасмиз”, - дея қўшимча қилиб ўтди Си Жинпинг.
 
Бундан ташқари, унинг айтишича, Хитой томонидан таклиф этилган “Бир макон – бир йўл” стратегияси, иштирокчи давлатлар саъй-ҳаракати билан тинчлик, фаровонлик ва инновациялар “йўлига” айланади.

"Ишончим комилки, барча иштирокчиларнинг қўшма саъй-ҳаракати орқали "Бир макон – бир йўл" стратегияси тинчлик, фаровонлик, очиқлик, инновациялар “йўли” бўлади ва кейинчалик цивилизацияни бирлаштиради", - дея айтиб ўтди у форум якуни бўйича ташкил этилган матбуот-анжуманида.

 

Мавзу
«Бир макон, бир йўл» форуми
14-15 май кунлари Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми бўлиб ўтади. Унда 28 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.
Барчаси
Top