Жамият | 22:05 / 16.05.2017
19175
3 дақиқада ўқилади

Кофеинли ичимликларнинг кетма-кет истеъмоли 16 ёшли ўсмирнинг ўлимига олиб келди

ФОТО NASHEZDOROVIE.INFO

Американинг Жанубий Каролина штатида истиқомат қилувчи 16 ёшли ўсмир кофеин миқдори юқори бўлган бир неча ичимликни кетма-кет ичиш натижасида ҳаётдан кўз юмди, дейилади экспертизада. 

Фожиа апрель ойида мактабдаги ўқув машғулотлари пайтида рўй берган. Дэвис Крип кутилмаганда ҳушини йўқотиб, ҳаётдан кўз юмган. 

Экспертиза маълумотларига кўра, ўсмир ўлими олдидан "Макдональдс" латтеси, Mountain Dew алкоголсиз ичимлигининг катта дозаси ва яна қандайдир қувватбахш ичимлик истеъмол қилган. Уч ичимликнинг барчаси атиги икки соат ичида ичилган. 

Экспертлар ўлимга "тахминан аритмияни келтириб чиқарган, кофеин истеъмоли натижасида юзага келган кардиал ҳолат" сабаб бўлганини таъкидлашди. 

Дэвис 16 ёшидаёқ 90 килограмм вазнга эга бўлса-да, унда юрак касалликлари қайд этилмаганди, у семизликдан азият чекувчилар махсус рўйхатида ҳам бўлмаган, дейди эксперт Гарри Уоттс.

"Бу кофеин дозасининг ошиб юборилиши эмас, - дейди Уоттс Reuters билан суҳбатда. - Гап организмдаги кофеин миқдорида эмас, балки ўсмирнинг барча ичимликларни қисқа вақт ичида кетма-кет ичганида, энергетик ичимлик эса юрак аритмиясини келтириб чиқарган сўнгги томчи бўлган".

Асосий гувоҳ энергетик ичимлик номини эслай олмади, фақат унинг катта ҳажмли идишда бўлганини маълум қилди. 

"Биз кофеин истеъмолини тўлиқ тақиқламоқчи эмасмиз, лекин одамлар унинг истеъмолини назорат қилишлари керак, худди спиртли ичимликлар ва тамаки миқдорини чеклаган каби", - дея қўшимча қилди у.

Америка педиатрия академияси энергетик ичимлик ингридиентлари болаларда синовдан ўтказилмагани ва "ҳеч ким уларнинг хавфсиз эканига кафолат бера олмаслиги"дан огоҳлантиради. 

Шифокорларнинг сўзларига кўра, энергетиклар акс таъсирга эга бўлади, баъзан аритмия ва артериал қон босимнинг ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Аксарият кофеинли ичимликларнинг бир порцияси 3 финжон қаҳва, шунингдек 14 чой қошиқ шакар миқдорига тенг, дея маълум қилади Америка педиатрия академияси.

Манбага кўра, Дэвис Крип икки соат ичида тахминан 470 мг кофеин истеъмол қилган.

Сaffeineinformer.com сайти маълумотларига кўра, "Макдональдс"нинг бир латтеси 142 мг кофеинга эга, Mountain Dew ярим литрли газировкасида - 90 мг кофеин, энегетик ичимликнинг катта банкасида эса 240 мг'гача кофеин мавжуд. 

Дунёдаги энг йирик тиббиёт марказларидан бири ҳисобланган Миннесотадаги Мейо клиникаси олимларининг сўзларига кўра, катта ёшли кишиларнинг аксарияти учун кофеиннинг суткалик дозаси 400 мг'дан иборат.

Европанинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича агентлиги 2015 йилда бир суткада 400 мг'дан ортиқ кофеин истеъмоли тахикардия, юқори қон босим, аритмия, тремор, асабийлик, уйқусизлик ва ваҳимага олиб келиши мумкинлигини маълум қилган.

Мавзуга оид