Спорт | 13:50 / 11.06.2017
64301
5 дақиқада ўқилади

ЖЧ–2018 саралаши. Эрон – Ўзбекистон учрашуви превьюси

Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи А гуруҳи, 8-турида Ўзбекистон терма жамоаси сафарда Эрон футболчиларига қарши баҳс юритади. Беллашув 12 июнь, душанба куни Теҳрон шаҳридаги “Озоди” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент ватқи билан 21:45 да бошланади.

ЎФФ матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлар статистикаси, таркибдаги йўқотишлар ва бўлажак ўйинга оид бошқа маълумотларни тақдим қилди.

Ўзаро учрашувлар

Ўзбекистон ва Эрон шу кунгача 7 марта ўзаро тўқнаш келган. Форслар 5 ўйинда ғалаба қозонган бўлса, битта учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси зафар қучган. Яна бир ўйинда муроса кўчаси танланган. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга қарши ягона ғалабаси 2012 йили Теҳронда қайд этилган.

Жамоалар ўртасидаги барча ўйинлар натижаси

14.12.1998          Ўзбекистон – Эрон 0:4  |  Осиё ўйинлари 1/4 финал

11.07.2007          Эрон – Ўзбекистон 2:1  |  Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи

05.09.2009          Ўзбекистон – Эрон 0:0  |  Ўртоқлик ўйини

03.06.2012          Ўзбекистон – Эрон 0:1  |  ЖЧ–2014 саралаши

14.11.2012          Эрон – Ўзбекистон 0:1  |  ЖЧ–2014 саралаши

11.06.2015          Ўзбекистон – Эрон 0:1  |  Ўртоқлик ўйини

06.10.2016          Ўзбекистон – Эрон 0:1  |  ЖЧ–2018 саралаши

Бўлажак ўйинга тайёргарлик

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши ўйин олдидан 6 июнь куни Тошкентда Таиланд термаси билан куч синашди. Темурхўжа Абдухолиқов ва Сардор Рашидовнинг голлари Ўзбекистонга 2:0 ҳисобидаги ғалабани олиб келди.

Эрон термаси 4 июнь куни Подгорица шаҳрида Черногория футболчиларига қарши баҳс олиб борди. Сардор Ўзмуннинг дубли Карлуш Кейруш жамоасига 2:1 ҳисобидаги ғалабани келтирди.

Йўқотишлар

Ўзбекистон терма жамоаси сафида бир қатор йўқотишлар мавжуд. Жумладан, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Александр Мерзляков каби футболчилар Таиланд ва Эронга қарши ўйинларда майдонга тушмаслиги анча олдин маълум бўлган эди.

Кейинроқ шифокорлар тавсиясига кўра Одил Ҳамробеков миллий терма жамоа лагерини тарк этиб, “Насаф” ихтиёрига юборилди. Таиланд билан ўйинда жароҳат олган Марат Бикмаев ва клубда оёғини шикастлаган Даврон Ҳошимов ҳам Эронга бормаслиги маълум бўлди.

Эрон терма жамоаси сафида йўқотишлар йўқ. Ўзбекистон билан ўйинга жалб қилинган футболчилардан ҳеч бири жароҳат олмаган ёки маълум сабабларга кўра лагерни тарк этмаган. 

ФИФА рейтингидаги ўрни

1 июнь куни Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг янгиланган рейтингни эълон қилинган эди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 582 очко билан 62-ўринни эгаллади. Ҳисобида 829 очко бўлган Эрон жаҳон рейтингида 30-поғонадан жой олди. ОФКга аъзо мамлакат терма жамоалари ўртасида форслар биринчи, Ўзбекистон олтинчи ўринда бормоқда.

Учрашув ҳакамлари

Эрон – Ўзбекистон учрашувига уммонлик ФИФА рефериси Аҳмад Абу Бакар Саид ал-Каф мазкур бош ҳакам этиб тайинланди. Унга қанотларда ҳамюртлари Ҳамид Сулаймой Марҳун ал-Маҳайи ҳамда Абу Бакар Салим Маҳад ал-Амри ёрдам беради. Умар Муборак Мазаруа ал-Ёқубий захира ҳаками сифатида ишлайди.

Ҳакамлар ишига малайзиялик Муҳаммад Солиҳ Субҳиддин баҳо беради. Учрашув комиссари этиб япониялик Каисе Томохиро тайинланди. Хавфсизлик бўйича офицер – Тара Сингҳ (Малайзия).

Гуруҳдаги вазият

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи А гуруҳи 7-туридан кейин вазият қуйидагича: Эрон 17 очко билан пешқадам, Жанубий Корея 13 очко, Ўзбекистон 12 очко билан мос равишда 2–3 ўринларни эгаллаб турибди. Гуруҳдаги 4–6 ўринларни эса тегишли равишда Сурия (8 очко), Хитой (5 очко) ва Қатар (4 очко) эгаллаган.

А гуруҳи 8-турнинг қолган ўйинлари

Саралаш босқичининг А гуруҳи 8-турида Сурия нейтрал майдон – Малайзияда Хитой терма жамоаси билан тўқнаш келади. Ўйин 13 июнь куни Тошкент вақти билан соат 18:45да бошланади. Қатар термаси эса 13 июнь куни Жанубий Кореяни Доҳа шаҳрида қабул қилади. Беллашув бошланиши Тошкент вақти билан 23:59га белгиланган.

Мавзуга оид