17:00 / 15.06.2017
13915

Сенат вакиллари эркин конвертация ҳақидаги саволни очиқ қолдиришди

15 июнь куни «Тараққиёт стратегияси маркази» ҳамда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Сенат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари, сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси адлия, соғлиқни сақлаш, ташқи ишлар, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари, жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида «Кун» мухбири Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасига қуйидаги савол билан мурожаат қилди: «Бизга маълумки, инвестициялар оқимини ошириш учун катта қадам конвертация масаласини ҳал этиш ҳисобланади. Ўзбекистонда эркин конвертация қачон очилади. Бунга нима тўсқинлик қилмоқда?»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вакиллари эса бу саволга аниқ жавобни Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизматидан олиш мумкинлигини билдиришди ва саволга жавоб қайтаришмади.

Мазкур саволга тадбир спикерларидан бири қуйидагича жавоб берди: «Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси доирасида яқин уч йил давомида мазкур масала, жумладан, кредит сиёсати, конвертация масаласини либераллаштириш мақсад қилинган. Бугунги кунда босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлар режаси тузиб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа тўлақонли пул кредит сиёсатини амалга ошириш, эркин конвертацияга ўтиш масаласини ҳал этишга йўналтирилади. Айни дамда бу лойиҳа манфаатдор идоралар билан биргаликда ўрганиб чиқилади». 

Демак, эркин конвертация масаласини ҳал этиш чора-тадбирлари айни дамда тегишли идоралар томонидан ўрганилмоқда. Умид қиламизки, юқорида қайд этилган лойиҳа ўз вақтида амалиётга татбиқ этилади.

Top