11:10 / 23.06.2017
59993

«Пахтакор»да янги мураббий. Бу жентльмен аслида ким?

Бугун, 23 июнь куни грузиялик собиқ футболчи Шота Арвеладзе Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасига янги мураббий сифатида таништирилади. 

Айни вақтда, 14 тур ўйинларидан кейин 21 очко жамғарган ҳолда бешинчи ўринда жойлашиб турган «Пахтакор»да жорий мавсумда учинчи мураббий иш бошлаш арафасида. Бунгача жамоани Григорий Колоссовский ҳамда Равшан Ҳайдаров навбатма-навбат бошқаришди. «Трибуна» сайти «Пахтакор»да янги даврни бошлаб бериши кутилаётган Шота Арвеладзе ҳақидаги қизиқ маълумотларни келтирди.

Шота Арвеладзе — Грузия футболи тарихидаги энг яхши тўпурар, мамлакат чегараларидан ташқарида ҳам муваффақиятли фаолият юритган футболчи. У футболчилик фаолияти давомида «Мартве», Тбилисининг «Динамо»си, «Трабзонспор», «Аякс», «Рейнджерс», «АЗ-Алкмаар» ва «Леванте» каби жамоаларда тўп сурган. У 1991 йилдан 1993 йилгача қаторасига уч марта Грузия чемпиони, 1997-98 йилларда Нидерландия чемпиони бўлган, 2 марта Шотландия кубогини (2001-02, 2002-03), 3 марта Шотландия лигаси кубогини (2001-02, 2002-03, 2004-05) ва бир марта Туркия кубогини (1994-95) қўлга киритган.

Айни вақтда 44 ёшда бўлган Арвеладзе уч марта Грузиянинг энг яхши футболчиси, бўлган терма жамоа сафида гол уриш бўйича энг яхши натижани қайд этган — 26 гол. У 2008 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган ва мураббийликни бошлаган.

Даставвал у «АЗ-Алкмаар»да Луи ван Гаалга ёрдамчилик қилган, 2010 йилдан эса мустақил ишлай бошлаган, унинг илк жамоаси - «Қайсариспор». 2012 йилда бу жамоадан кетгач ҳам у Туркия футболида қолади ва 2012-2015 йилларда «Қосимпошо»ни муваффақият билан бошқаради. Унинг раҳбарлигидаги биринчи ва иккинчи мавсумларда жамоа олтинчи ўринда бўлади. 

2014-2015 йиллар мавсумида эса пасайиш кузатилади, унинг жамоадан кетиши футболдаги ўзига хос ҳодисага айланди.

«Қосимпошо» ва «Коняспор» жамоалари ўртасида кечган беллашувнинг биринчи бўлими вақтида «Коняспор» ҳужумчиси Райан Бабель жароҳат олиб йиқилади ва унинг жамоадошлари ҳаракатланишдан тўхтайди. Бу вақтда эса «Қосимпошо» футболчиси гол уриб қўяди. Шундан кейин Арвеладзе шогирдларига «фейр-плей»га амал қилган ҳолда рақибга жавоб голи уришига халақит бермасликни кўрсатма қилади, футболчилар мураббий айтганидек рақибга гол уриши учун имконият яратади. Ўйинда «Қосимпошо» 1:2 ҳисобида ютқазади, рақиб иккинчи голни пенальтидан уради. Меҳмонлар жамоаси раҳбарияти бунинг учун мураббийни истеъфога чиқаради, шунга қарамай мураббий ўз қарори тўғри бўлганини таъкидлайди.

«Буни муҳокама қилишни истамайман. Менинг ўрнимда бошқа мураббий бўлганида ҳам шундай қарор қабул қиларди. Футболчиларим билан буни гаплашдим, мен истеъфога кетаяпман», деганди ўшанда учрашувдан кейин Шота Арвеладзе.

Грузияда ушбу иши учун Шота Арвеладзе «Йил жентльмени» соврини билан мукофотланганди.

Шу мавсумдаёқ Туркиянинг бошқа бир жамоаси «Трабзонспор» Шота Арвеладзени ишга таклиф этади. Лекин жамоа кейинги мавсумни кўнгилдагидек ўтказмайди ва мурабий мавсум ўртасида истеъфога чиқарилади.

Арвеладзенинг кейинги жамоаси Исроилнинг «Маккаби» клуби бўлди. 2015-16 йилги мавсум охирида ва 2016-17 йилги мавсумнинг биринчи даврасида шу жамоада фаолият олиб боради, Европа Лигасида қатнашади, шу йилнинг январида жамоани тарк этади. 

У мураббий сифатида ҳали совриндор бўлмаган, айнан «Пахтакор»да унда бунга эришиш имконияти мавжуд. Тошкент жамоаси мавсумлар оралиғида мураббийдан ташқари, яна бир легионерни, Черногория терма жамоаси аъзоси Марко Симични ўз сафига қўшиб олди.

Мураббий ва футболчи бугун, соат 18:00да «Пахтакор» стадионида таништирилади.

Арвеладзе билан қанча муддатга шартнома тузилгани, унинг маоши миқдори ҳозирча маълум эмас. Унинг охирги жамоасидаги маоши йилига 800 минг евро бўлганди.

Футболчининг трансфер қиймати ва унга тайинланадиган маош миқдори маълум эмас.

transfermartkt.de Марко Симичнинг трансфер қийматини 1,8 миллион евро этиб белгилаган.

Top