16:07 / 26.06.2017
58243

Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити куни беморлар ҳолидан хабар олди

Фото: ЎзА

Рамазон ойи маънавий-руҳий ҳаётда, жамиятдаги ўзаро аҳиллик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Халқимиз азал-азалдан ушбу муборак кунларда ўзгаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатган, беморлар ҳолидан хабар олган, кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Бу анъана мамлакатда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатига ҳам уйғундир. 

ЎзА’нинг хабар беришича, давлат раҳбарининг 2017 йил 20 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан ушбу айём эзгулик, хайру саховат руҳида ўтмоқда. Кексалар, беморлар ҳолидан хабар олинмоқда. 

Ана шу анъанага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасини бориб кўрди. 

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси 1896 йилда қурилган. Шифохонада касалликлар тури, даволаш усуллари, беморлар ҳолатига ихтисослашган 18 бўлим ташкил этилган. Клиник-биокимё лабораторияси, рентген, УТТ, энцефалография, экспертиза хоналари зарур восита ва малакали мутахассислар билан таъминланган. Шифохона Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг руҳий касалликлар кафедралари учун клиник база ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июлдаги руҳий-тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид қарорига мувофиқ, шифохонада қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. 2015-2016 йилларда 4 янги бино фойдаланишга топширилди. Икки қаватли яна бир корпус қурилмоқда. 

Президент шифохона эски биноларини янгилаш борасидаги лойиҳалар билан танишди. Беморларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. 

Беморларга муносиб шароитлар яратиш керак, деди давлат раҳбари. Шифохонанинг ташқи ва ички кўринишини тартибга келтириш, бу ерда ишлаётган тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги “Мурувват” уйида ҳам бўлиб, беморлар учун яратилган шароит билан танишди. 

Интернат уйи 1979 йилда қурилган. 

Бугунги кунда бино ва унинг конструктив элементларининг техник ҳолати таъмирталаб. Давлат раҳбарига мазкур интернат ҳудудини кенгайтириш ва қўшимча бинолар қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 

Интернатда руҳий касал ногирон эркаклар даволанади. 

Улуғ айём кунлари бундай савоб ишларни қилиш, беморлар ҳолидан хабар олиш ҳар биримизнинг эътиборимизда бўлмоғи зарур, деди давлат раҳбари. 

Президент мазкур шифохона ҳудуди ёнида қўшимча қурилиш ишлари олиб бориш, касалликларнинг турига қараб алоҳида бинолар қуриш ва жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Top