12:25 / 18.07.2017
40899

Ўзбекистонда янги кўкрак нишони таъсис этилди

Президентнинг 14 июлдаги қарори билан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайтида хабар берилди.
 
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан мамлакатнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги фуқаролар, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятда ҳурмат қозонган оналар тақдирланади.
 
Кўкрак нишони 3 даражага эга бўлиб, қуйидагилар тақдирланади:

I даражали – камида 35 йиллик меҳнат стажига эга шахслар (бир йўла тўланадиган пул мукофоти – 4 ЭКИҲ);

II даражали – камида 30 йиллик меҳнат стажига эга шахслар (бир йўла тўланадиган пул мукофоти – 3 ЭКИҲ);

III даражали – камида 25 йиллик меҳнат стажига эга шахслар,  шунингдек, жамиятда ҳурмат қозонган ишламайдиган оналар.

I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин. Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.
 
Тақдирлаш «Нуроний» жамғармасининг Васийлик кенгаши қарори асосида амалга оширилади. У «Наврўз» байрами арафасида тантанали вазиятда топширилади.
 
Тақдирланганлар тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Нишон билан бир қаторда гувоҳнома ҳам берилади. Тақдирланганлар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига мис қотишмасидан тайёрланган белги ўрнатилади.

Top