Иқтисодиёт | 23:16 / 24.07.2017
5222
2 дақиқада ўқилади

Нефть қазиб олишни қисқартириш келишуви 98 фоизга бажарилган

ОПЕК+ давлатларининг нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишуви бажарилишини мониторинг қилувчи вазирлар қўмитаси Санкт-Петербургда ўтган 4-мажлис натижаларига кўра, келишувнинг 2017 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши натижаларини эълон қилди. Келишув бажарилиши 98 фоизга баҳоланган.

Бундан ташқари, қўмита бозорни янада барқарорлаштириш чоралари талаб қилинса, ушбу келишувни 2018 йил 1-чорагидан кейин ҳам узайтиришни тавсия қилган.

Вазирлар қўмитасига Венесуэла, Кувайт, Жазоир, Уммон, Россия, Саудия Арабистони вакиллари ва ОПЕК бош котиби киради.

Қўмита баёнотига кўра, ОПЕК+ давлатлари январь-июнь ойлари давомида нефть олишни 351 млн баррелга қисқартиришган.

ОПЕК ва унга кирмайдиган бир қатор давлатлар 2016 йил охирида нефть олиш ҳажмини кунига октябрдаги даражадан умумий ҳисобда 1,8 млн баррелга қисқартиришга келишиб олганлар. Келишув 2017 йил 1-ярми учун тузилган. Май ойида унинг амал қилиши яна 9 ойга, яъни 2018 йил марти охиригача узайтирилган.

Йиғилишда Ливия ва Нигерияда нефть олиш ҳажмининг ошиши ҳам эътибордан қочирилмади. Бу давлатлар айни вақтда улардаги нефть-газ объектларига ҳарбий гуруҳлар ҳужум қилишлари сабабли нефть олишни чекламаслик ҳуқуқига эгалар.

ОПЕК маълумотларига кўра, Ливияда июнь якунларига кўра, кунига ўртача нефть олиш 528 минг баррелдан 852 минг баррелгача ошган. Нигерияда эса октябрда нефть қазиб олиш кунлик ҳажми 1,615 млн баррелдан 1,733 млн баррелгача ошган. 

Мавзуга оид