Непалга депортация қилинган германиялик ўқувчи қиз ортга қайтарилди
15 ёшли қиз синфдошлари ва маҳаллий амалдорларнинг саъй-ҳаракатлари билан талабалар визасини олишга муваффақ бўлди.
Дуйсбург миграция хизмати гимназия ўқувчиси Бифси Ранага (Bivsi Rana) “айирбошлаш талабаси” визасини топширди. Қизни май ойида дарсдан олиб чиқиб, оиласи билан Непалга депортация қилишган эди. Ушбу қарор гимназия ўқувчилари ва амалдорлар, жумладан Дуйсбург мэри қизни қўллаб-қувватлагандан сўнг қайта кўриб чиқилди.
2017 йил 30 май куни Ранани директор хонасига чиқиртириб, депортация ҳақида унга хабар беришган. Унга дўстлари билан хайрлашишга рухсат бериб, ота-онасининг ёнига олиб бориб қўйишган ва Непалга жўнатишган. Қизнинг оиласи Непалдан 1998 йилда Германияга кўчиб келган эди. Ҳукумат депортация тўлиқ қонуний бўлганини, чунки Рана ва унинг оиласига икки маротаба қочоқ мақомини бериш рад этилганини маълум қилган. Бироқ миграция хизматининг қарори Дуйсбургда норозилик акцияларини келтириб чиқарган.
Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ери интеграция департаменти раҳбари Йоахим Штампнинг таъкидлашича, Рана Германияда туғилгани сабабли немис ҳисобланади. Штампнинг сўзларига кўра, бундай вазиятларда боланинг ҳуқуқлари биринчи ўринда туради.
Июнь ойида Дуйсбургда ўқувчи қизни қўллаб-қувватлаб бир қанча намойишлар бўлиб ўтди: минг нафар одам шаҳар кўчаларига “Бифсини уйга қайтариш” чақириғи билан чиқди. Ўқувчилар ва унинг ота-оналарини маҳаллий амалдорлар қўллаб-қувватлашди: Ранани ҳимоялаб Дуйсбург мэри Зёрен Линк (Sören Link) ҳам сўзга чиқди. У “қиз яна Германияда яшаши учун” барча ишни қилишга ваъда берди.
Икки ойлик баҳслашувлардан сўнг Ранага берилган талабалик визаси унга мамлакатда ўқиши тугагандан кейин ҳам қолишга рухсат беради. Бу виза билан Рананинг ота-онаси ҳам Германияга келиши мумкин. Шу билан бирга Штамп ушбу қарор "индивидуал" эканлиги ва депортациянинг бошқа ҳолатлари учун қўлланмаслигини таъкидлаб ўтган.
Мавзуга оид
19:04 / 29.10.2024
Россияда ноқонуний мигрантларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди
17:11 / 24.10.2024
10 йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Туркияда қўлга олинди
11:47 / 19.10.2024
ЕИ давлатлари депортация бўйича янги қоидаларни зудлик билан қабул қилишни талаб этди
22:11 / 18.10.2024