15:20 / 26.07.2017
19992

Ойда сув топилди

АҚШдаги Браун университети олимларининг фикрича, Ой юзасида сув бўлиши мумкин. Бундай назария Nature Geoscience илмий журналида эълон қилинди.

Ҳиндистоннинг Chandrayaan-1 сунъий йўлдошидан олинган фотосуратлар жиддий ўрганиб чиқилганда, Ойнинг барча юзасида вулқон жинси таркибига килувчи шиша доналари топилди.

2009 йилда NASA ўтган асрнинг 70-йилларида ўтказилган “Аполлон” дастури доирасида олинган маълумотлар, Ой юзасида сув бор эканидан далолат беришини маълум қилганди. Мутахассислар томонидан ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, Ой тупроғининг бир тоннаси тахминан 946 грамм сувга эга. Бироқ, Ойдаги тупроқ намуналари ва тегишли тадқиқотлар бу ҳолат Ойнинг барча юзасида кузатилишини исботлай олмади. Бундан ташқари, илм дунёсида осмон жисмида сувнинг пайдо бўлишига оид турли фикрлар бор. Ҳаттоки сув қуёш шамоли ва водороднинг ўзаро алоқага киришиши натижасида юзага келгани борасида ҳам тахмин бор эди.

Яқинда ўтказилган тадқиқотда иштирок этган мутахассислардан бири Ральф Милликеннинг баёнотига кўра, "деярли барча таҳлиллар сув бор эканини кўрсатмоқда ҳамда Ой тубининг катта қисми намга бой, деган фикрга келиш мумкин".

Вулқон жинсларида сувнинг борлиги кўп жойда учрайди. Ой тупроғидаги сув миқдорининг жуда камлигини эса юзадан кўплаб километрлар пастда бўлган вулқон жинсларида эҳтимол сув борлиги билан оқлаш мумкин. Ральф Милликеннинг баёнотига кўра, бу Ойга бўлажак миссияларни ташкил этишда қўл келади ҳамда Ойдан сув олиш каби истиболли лойиҳани очиб беради.

Top