20:20 / 04.08.2017
67560

Мирзиёев санъаткорларни солиққа тортиш масаласида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

3 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маданият, санъат, адабиёт ва ОАВ вакиллари билан учрашди. Видеоселектор кўринишидаги ушбу учрашувда соҳалардаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда қатор долзарб масалалар кўтарилди. Хусусан, Кун.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари эстрада хонандалари топган даромадлар солиққа тортилиши бўйича ҳам ўз фикрини билдирган.

Президент ўзбек эстрада хонандалари бошқа мамлакатлардаги каби топган даромадидан солиқ тўламаслиги, фақат бир йиллик лицензияга маблағ тўлашини қайд этиб ўтган. 

«Азбаройи санъатга бўлган ҳурматимиз учун солиққа тортмаяпмиз уларни. Чунки улар энди ҳаракат қилишсин», - деган Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Кун.uz сайтида шу мавзуда бир неча мақолалар тақдим этилганди. Жумладан, июнь ойида Шуҳрат Шокиржонов муаллифлигида «Озодбек Назарбеков тўғри гапирди, лекин...» ва «Санъаткор солиқ тўламайди?! Мавзу давом этади...» сарлавҳали мақолалар шов-шув келтириб чиқарганди. Кейинроқ нашр қилинган «Санъаткорлар даромад солиғи тўлашдан тўлиқ озод қилиндими?» сарлавҳали мақолада давлат солиқ қўмитасининг концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олган жисмоний шахсларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлаши бўйича маълумоти тақдим этилганди.

Top