Light | 17:51 / 05.08.2017
22177
4 дақиқада ўқилади

Оташгоҳ - Озарбойжондаги мангу олов ибодатхонаси (фотожамланма)

Озарбойжонга ташрифимиз давомида зардўштийларнинг қадимий ибодатхонасида бўлдик. Кун жуда иссиқ бўлишига қарамай, бу маскан ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Мангу олов ибодатхонаси ҳисобланган Оташгоҳ - Озарбойжоннинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган масканларидан бири. У деярли бутун дунёга танилган.

 

Оташгоҳ сўзи "оловлар уйи" деган маънони англатади. Тарихий-меъморий ёдгорлик Баку шаҳридан 30 километр масофада жойлашган. Ҳудуд ўзининг ажойиб табиий ҳодисаси билан ҳам машҳур бўлган - бу ерда ер остидан табиий олов чиққан.

 

Ибодатхона XVII-XVIII асрларда ҳозирги кўринишга келтирилган. Бироқ, Оташгоҳ тарихи ундан-да аввалга бориб тақалади. Қадимда бу ҳудудда оловга сиғинувчи зардўштийларнинг муқаддас даргоҳи жойлашган бўлган. Улар сўнмас оловни илоҳий аҳамиятга эга ҳисоблаб, бу ерга ибодат учун ташриф буюришган.

 

Ислом дини қабул қилинганидан сўнг зардўштийлар ибодатхонаси вайрон қилинган. Зардўштийларнинг аксарияти Ҳиндистонга кетган. Шундай бўлса-да, XV - XVII асрларда савдо карвонларида Буюк ипак йўли бўйлаб ўтган ҳиндулар бу ерда ибодат қилишни одат қилишган. Бу ҳақида эшитган бошқа ҳиндулар ҳам Оташгоҳни зиёрат қилгани келишган. Шу тариқа ҳинду савдогарлари Оташгоҳни қайта таъмирлашган.

 

Ибодатхона дастлаб 1713 йилда қурилган бўлиб, кейинчалик бу ерда ҳужралар, карвон-саройлар пайдо бўла бошлаган. Оташгоҳда 26 ҳужра мавжуд бўлиб, уларда ибодатчилар яшашган.

 

Ҳужраларга кираверишда тошга ўйиб ёзилган ёзувларга кўзингиз тушади. Маълум бўлишича, бугунга қадар 19 ҳинду ва 1 форс ёзуви сақланиб қолган. Ҳинд тилидаги ёзувларда бу иншоотни ким барпо қилгани, уни ким молиялаштирганига оид маълумотлар акс этган. Форс тилидаги ёзувлар эса Наврўз байрамида зардўштийлар бир-бирларини қандай табриклаганлари ифодаланган.

 

Бундан ташқари, Оташгоҳда ҳудуддан топилган турли қадимий буюмлар ҳам намойиш қилинган.

 

XIX аср бошида Оташгоҳ бизнинг даврга қадар сақланган кўринишда бўлган. Ҳовлининг ўртасида "мангу" олов ҳосил қилувчи қудуқ жойлашган.

 

XIX аср ўрталарида бу ердан табиий олов чиқмай қўйган. Ибодатчилар буни жазо сифатида қабул қилиб, Оташгоҳни тарк эта бошлашган. Оташгоҳ 1880 йилга қадар зардўштийларнинг ибодат маскани вазифасини ўтаган.

 

Таъкидлаш жоизки, Оташгоҳ Озарбойжон президенти фармони билан Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги дея эълон қилинган.

 

Бугунги кунда Оташгоҳ бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилиб келмоқда. Музейга йилига 15-20 минг сайёҳ ташриф буюради.

 

Озарбойжоннинг кўплаб тарихий обидалари каби Оташгоҳда ҳам қадимий муҳит нафаси уфуриб туради, яъни бу ерда ўша даврларда оловга сиғинган кишиларнинг сиймоси акс эттирилган, ҳужраларда зардўштийларнинг мантралари қулоққа чалинади, ҳовли ўртасида эса олов ёқиғлиқ.

 

Бу ерда ҳатто сайёҳлар учун сотувга қўйилган миллий-ҳунармандчилик буюмлари орасида ҳам Оташгоҳнинг кичик нусхаларига кўзингиз тушади.

Лола Раҳмонбоева

Мавзуга оид