15:26 / 14.08.2017
13916

Пекин АҚШ босим ўтказаётгани юзасидан баёнот билан чиқди

Фото: AP

Корея ярим оролининг ядро муаммоси ва Хитой ҳамда АҚШнинг савдо муносабатлари бир бири билан боғлиқ муаммолар эмас, ҳамда бу масалалардан биридан бошқаси бўйича қарор қабул қилиш учун босим кўрсатиш мақсадида фойдаланиш умуман номақбул. Бу ҳақда ХХР ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин душанба куни маълум қилди.

"Хитой ва АҚШнинг ҳамкорлиги манфаатларни ҳурмат қилиш ва икки томоннинг хавотирига асосланган ҳолда йўлга қўйилиши лозим. Корея ярим оролининг ядро муаммоси ва савдо-иқтисодий масалалар турли нарсалардир, АҚШ ҳамда Хитой ҳар икки йўналишда ҳамкорликни кучайтириши даркор. Ҳамда бу масалалардан бирини бошқаси бўйича босим ўтказиш воситаси сифатида қўллаш номақбулдир", - дея маълум қилди дипломат.

Унинг таъкидлашича, “савдо урушлари каби ўйинларнинг келажаги йўқ, улар фақатгина икки ҳисса зарар етказиши мумкин”.

"Пекин Хитой ва АҚШ муносабатлари муҳимлигини эътиборга олиб, Вашингтон билан иқтисодий ва савдо муносабатларининг соғлом ҳамда барқарор ривожини қўллаб-қувватлаш учун қўшма саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр. Бу ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатга асосланган бўлиши лозим", - дея таъкидлаб ўтди Хуа Чуньин.

Аввалроқ Трамп Хитойнинг ҳуқуқбузарлигини ўрганиш учун тергов ишларини бошламоқчи экани хабар берилганди.

Top